Қашқадарёда 4 кишини ўлдирган эркак иши бўйича ИИБ масъулларига хизмат текшируви тайинланди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида эркак хотини, қайнонаси ва икки нафар ёш болани пичоқлаб ўлдирган ҳақида хабар берилганди. Қашқадарё вилоят прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан ИИБ масъулларига хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Мазкур ҳолат юзасидан 10 декабрь куни Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича А.Хазратқулов гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, шу куни Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

«Содир этилган жиноят иши бўйича вилоят прокурори Э.Таджиев аҳоли вакиллари билан учрашиб, марҳумларнинг оила аъзоларига ҳамдардалик билдириб, таъзия изҳор этди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, мазкур жиноятни содир этилишига ва масъулиятсизликка йўл қўйган Яккабоғ тумани ИИБ маъсул ходимларига ҳамда Яккабоғ тумани Эски Яккабоғ МФЙ ва Қамаши туманидаги Қизилтепа МФЙ маъсулларига нисбатан идоравий хизмат текшируви тайинланган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Aндижонда фуқарони калтаклаб ўлдирган ИИБ ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Сирдарёда бировнинг хотинини йўлдан урган «ГАИ» ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар