Наманганда ота-оналардан фарзанди мактабда COVID-19 юқтирса, эътирози йўқлиги ҳақида кафолат хати олинаётгани рад этилди

Ижтимоий тармоқларда «‘Фарзандим мактабда COVID-19 юқтирса, эътирозим йўқ’ деган мазмунда кафолат хати олиняпти. Бу ҳолат қонунчиликка тўғри келадими?» деган эътироз баён этилган хабар тарқалди. Ушбу хабар юзасидан Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят ХТБ ҳамда шаҳар халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш жараёнларига кўра, 3-умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан бундай мазмундаги кафолат хати олиниши талаб қилинмаган. Бу ҳақда топшириқ ҳам берилмаган.

Аммо маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан тайёрланган кафолат хати матни мактабнинг география фани ўқитувчиси томонидан мактаб ўқитувчилари Telegram гуруҳига ўзгартириш киритилган ҳолда муҳокама қилиш учун юборилган. Ушбу кафолат хати фақат мактаб жамоаси орасида муҳокама қилинган. Ўқувчиларнинг ота-оналаридан бундай мазмундаги кафолат хати олинмаган.

«Юқоридаги ҳолат юзасидан мактаб директори Н.Тўхтабоевага таълим муассасасидаги директор ўринбосарлари ҳамда фан ўқитувчилари, синф раҳбарлари фаолиятларини мувофиқлаштириб бормай, лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 4 сентябрдаги 40-сонли буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига биноан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, мактабларда ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиб, тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқ берилган.

Аввалроқ янги ўқув йилида мактаблардаги бир қатор фанлар вақтинча ўтилмаслиги мумкинлиги, мактабларда дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмаслиги ҳамда COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилингани ва ўқувчилар янги ўқув йилида форма киймаслиги ҳақида хабар берилганди.