Наманганда картинг бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди (фото)

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги картодромда 6 ноябрь, жума куни картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, «Ватанпарвар» ташкилоти Учқўрғон туман ўқув-спорт техника клуби томонидан халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган янги замонавий картодром қайта қурилган. Унинг умумий узунлиги 1000 метрдан ошиқ бўлиб, уч йўналишдан иборат.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ушбу картодром 6 ноябрь куни ўтказилган картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилади. Мусобақада Қорақалпоғистон, Ўзбекистондаги вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 150 нафарга яқин спортчи иштирок этади. Улар ичида энг ёш иштирокчи 8 ёшдалиги айтилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Вилоятимизда спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва оммавийлаштириш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки бу спорт турлари ёшларни ватанпарварлик руҳида, соғлом ва шижоатли этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга», — деди очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, вилоят ҳокими картинг бўйича Ўзбекистон чемпиони, 12 ёшли Ясмина Эгамбердиеванинг таклифи билан картинг машинасига ўтириб, давра айланди. Картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпионати 9 ноябргача давом этади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Учқўрғонда Марказий Осиёда ягона бўлган картодром қурилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар