Пайаpиқда «Damas» ёниб кетди

Самарқанд вилояти Пайаpиқ туманида 3 ноябрь, сешанба куни «Damas» автомашинаси ёниб кетди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Пайариқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 4 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Пайаpиқ тумани «Жувозхона» маҳалласи, Қизилқовос қишлоғида «Damas» автомашинасининг ёниб кетганлиги тўғрисидаги маълумот тарқалди. Ушбу хабарда ёнғин 3 ноябрь куни соат 23:50 да содир бўлгани ҳамда ўт ўчирувчилар ёниб бўлган автомобилни ўчиришгани қайд этилган.

ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳолат 4 ноябрь куни соат 00:12 да туман Ички ишлар бошқармаси навбатчиси томонидан Пайаpиқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими 17-касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмининг диспетчерлик хизматига мурожаат қилинган. Унга кўра, «Жувозхона» маҳалласи ҳудудида «Damas» автомашинада ёнғин содир бўлганлиги айтилган.

Қайд этилишича, ёнғин-қутқарув қисмининг жанговар экипажи соат 00:22 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни соат 00:27 да тўлиқ бартараф этган. Маълумот ўрнида, 17-касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмидан воқеа содир бўлган ҳудудгача оралиқ масофа 8 километрни ташкил этади.

Айни вақтда туман ИИБ тергов бўлими ходимлари томонидан содир бўлган ёнғин юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода «Nexia» бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар