Бухорода 4 та хонадонда фоҳишахона ташкил қилган аёл қўлга олинди — фото

Бухоро шаҳридаги кўп қаватли бинодан ижарага олган хонадонларида фоҳишахона ташкил қилган 50 ёшли аёл ушланди. Бу ҳақда «Daryo»  хабар қилди.

Фото: Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси

Хабарга кўра, Бухоро туманида яшовчи 50 ёшли аёл Г.Г. Бухоро шаҳридаги Садриддин Айний кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг 4 та хонадонини вақтинча ижарага олган ва ушбу хонадонларда фуқароларнинг жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб, фоҳишахона ташкил этган.

Фоҳишахона ҳақида аҳоли томониданБухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон Ички ишлар бўлимига мурожаати келиб тушади. Шундан сўнг ИИБ томонидан «Орият» профилактик тадбири ўтказилган.

Тадбир давомида фуқаро Г.Г.нинг хонадонларидан бирида соат 23:00 да фуқароларнинг жинсий алоқа қилиши учун шарт-шароит яратиб берилаётгани маълум бўлган. Хонадондагилар ИИБ ходимлар томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай, ишратхона эшигини очмаган. Шундан сўнг орган вакиллари эшикни бузиб киришга мажбур бўлган.

Фото: Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси

Хабарда фуқаро Г.Г. номига олинган ушбу хонадон 1989 йилда туғилган А.Б. ҳамда 1997 йилда туғилган Р.Х.ларнинг жинсий алоқа қилиши учун 7 соатга 100 минг сўмга берилгани таъкидланган. Шунингдек, олдиндан тайёрлаб қўйилган хонадонларнинг иккинчиси эса 2000 йилда туғилган Д.Ю. ва 1999 йилда туғилган А.Ғ.ларнинг жинсий алоқа қилиши учун 300 минг сўмга берилгани аниқланган.

Фото: Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси

Ҳозирда Г.Г.га нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси 4-қисми, «б» банди (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жиноят иши мазмунан кўриб чиқилиб, суд муҳокамасига юборилган.

Аввалроқ Наманганда қўшмачи аёл 19 ёшли қиз ва унинг йигитига жинсий алоқа учун шароит яратиб бергани ва Тошкентда ижара уйида фоҳишалик билан шуғулланган 4 нафар аёл аниқлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар