Тошкентнинг икки туманида уйида спа салон ташкил қилиб, фоҳишалик билан шуғулланган аёллар ушланди

Тошкент шаҳар Чилонзор ва Учтепа туманидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аёллар хонадонида спа салон очгани ва фоҳишалик билан шуғулланиб келгани аниқланди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телеканлининг «25-soat» кўрсатувида маълум қилинди.

Кадр: Telegram/zortv25soat

Хабарга кўра, Учтепа туманида яшовчи икки нафар аёл ижтимоий тармоққа массаж хизмати ҳақидаги рекламасини жойлаган. Ушбу рекламадаги телефон рақамига қўнғироқ қилинганида аёллардан бири мижоз қабул қилаётганини билдирган. Тезкор гуруҳ шакллантирилиб, манзилга борилганида бу аёллар таъқиқланган фаолият тури билан умуман шароит бўлмаган жойда хизмат кўрсатаётгани фош этилган.

Суриштирув вақтида аёллардан бири ишлаб келаётган салон ёпиқ бўлганлиги учун мижоз қабул қилмаётганини, ҳозирда кафеда ишлаётганини айтган. Маълум бўлишича, улар ижара пулини тўлаши учун 300 минг сўм эвазига мижоз қабул қилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи аёл ҳам ижтимоий тармоққа массаж хизмати ҳақидаги реклама жойлаштирган. Маълум бўлишича, ижарадаги уйида массаж учун мижоз қабул қилиб келган. Ички ишлар ходимлари томонидан аёлнинг уйи текширилганида массажга алоқадор буюмлар топилмаган. Аммо ҳомиладорликдан сақловчи ашё топилган. Хабарда айтилишича, аёл массаж ниқоби остида фоҳишалик билан шуғулланиб келган.

«Юқоридаги ҳолатлар бўйича баённома тузилиб, қонуний чора кўриш учун ваколатли идоралар ихтиёрига ўтказилди», дейилади хабарда.

Аввалроқ  Чирчиқдаги дала ҳовлиларда фоҳишахона ташкил этган аёллар қўлга олингани ва Тошкентда жарима қўлланилган спа салони фаолиятини давом эттираётгани ҳақида хабар қилинганди.

 

Янгиликлар