Бухорода бедарак йўқолган 2 нафар эркак топилди

Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида бедарак йўқолган 2 нафар эркак топилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 25 сентябрь куни шаҳар прокуратурасига Ромитан тумани «Пойжўй» МФЙ да яшовчи Н.К. ариза билан мурожаат қилган. Аризада шу маҳаллада истиқомат қилувчи 44 ёшли оиласидан ажрашган, руҳий касалликлар Диспансерида рўйхатда турувчи акаси И.К.нинг март ойи охирларида уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаганлигини билдирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан қидирув тадбирлари эълон қилинган. Олиб борилган суриштирув ва қидирув тадбирлари натижасида, бедарак йўқолган И.К.нинг Навоий вилояти Қизилтепа тумани «Азизобод» МФЙ Қалъайи-калон қишлоғидаги «Мухлис-Мансур» фермер хўжалигида ёлланма ишчи бўлиб ишлаб келаётганлиги аниқланган ва яқин қариндошларига топширилган.

Шунингдек, 30 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги ишонч телефонига Бухоро шаҳар Элбек кўчасида яшовчи Т.Р. нинг Бухоро шаҳар Хўжа Таббанд кўчасида яшовчи 33 ёшли ўғли Х.М.ни 1 сентбярь кунидан бери излаб тополмаётганлиги юзасидан мурожаат қилган.

Таъкидланишича, мазкур мурожаат Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олинган. Эълон қилинган қидирув тадбири бўйича ўтказилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида бедарак йўқолган Х.М. никоҳсиз турмуш ўртоғи Д.Р. билан Бухоро вилояти Пешку тумани «Қалъа» МФЙда юрганлиги аниқланган.

Бундан аввал Олтиариқда 7 ойлик чақалоғи билан бедарак йўқолган аёл Фарғона шаҳридан ва Фарғонада бедарак йўқолгани айтилган 27 ёшли қиз топилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Навоийда бедарак йўқолган тўрт киши қидирувга берилган ҳамда Қўштепадаги бозор ҳудудида йўқолиб қолган бола ота-онасига топширилгани маълум қилинди.

Янгиликлар