Қоракўл Халқаро математика мактаби тажрибасининг методик қўлланмаси яратилади

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев Бухорога ташрифи давомида «қоракўлча ўқитиш» методикаси билан танишди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, Президентнинг 30 cентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тадбир давомида мутасаддилар зиммасига Қоракўл Халқаро математика мактаби тажрибасини кенг оммалаштириш ва мамлакатимизнинг барча шаҳар, туманларида ҳеч бўлмаганда биттадан шундай мактабларни ташкил этиш вазифаси юкланган.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ишчи гуруҳнинг асосий мақсади мактабда олиб борилаётган таълим жараёни ва эришилаётган ютуқлар ҳамда ўқитиш методологиясини ўрганиб, бунинг натижасида Қоракўл тумани Халқаро математика мактаби тажрибасининг методик қўлланмасини яратиш ва ушбу тажрибани оммалаштириш чораларини кўришдан иборат.

Таъкидланишича, бугунги кунда Қоракўл мактаби битирувчилари нафақат математика балки бошқа фанлардан ҳам аъло натижалар кўрсатаётгани қайд этилган. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан мактаб тажрибасини ўрганиш мақсадида у ерга ташриф буюрадиганлар энг камида бир ҳафта муҳитда яшаб, жараён билан танишиш орқали тажрибани ўрганиши ва ўз ҳудудида жорий этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, Қоракўлнинг муваффақиятли тажрибаси бу ўқувчиларни саралаб олиш жараёнининг шаффоф ва адолатли тарзда ташкил этилишидир. Ҳамда мактабда кадрлар салоҳияти доимий равишда ошириб борилади ушбу мактабнинг деярли 60 фоиз ўқитувчиси шу мактабнинг битирувчиларидир.

Маълумотга кўра, мактабда ўқувчиларни олий таълимга қамраб олишда уларнинг билим-салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда тўғри йўналиш бериш 7-синфдан бошланади ва жараён 11-синфга қадар давом эттирилади.

Aввалроқ ПИИMA директори Сарвар Бобохўжаев Қоракўлдаги халқаро математика мактаби фаолияти билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Оҳангарон ҳокими ва ХТБ мудири «қоракўлча ўқитиш» методикаси билан танишган.

Янгиликлар