Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Қорақалпоғистонда йигитнинг уйланиш учун қиз ўғирлаганига муносабат билдирди

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматова Қорақалпоғистонда йигитнинг уйланиш учун қиз ўғирлаганига муносабат билдирди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Феруза Эшматова ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган Қорақалпоғистонда уч нафар эркак 24 ёшли қизни олиб қочиб, фуқарони мажбуран никоҳламоқчи бўлгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан фикрларини билдириб ўтган.

«Таъкидлаш жоизки, қадриятлар ҳар бир миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ойнадек кўрсатиб турувчи энг муҳим омиллардан саналади. Аммо айрим одамлар орасида шундай нотўғри ёндашув шаклланганки, қиз ўғирлаш гўё миллий урф-одатлардан ҳисобланади. Зотан, ‘бахтга элтувчи ўғриликʼ – қадрият эмас.

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Ўғил-қизларнинг ўз ихтиёри асосида бунёд этилган оила қўрғони мустаҳкам ва бахтиёр бўлади», — дейди Феруза Эшматова.

Таъкидланишича, қўмита раиси Ўзбекистон Конституциясида никоҳ томонларнинг розилигига асосланишини эслатиб ўтган.

«Оила кодексига мувофиқ никоҳ бўлажак эр ва хотиннинг ўзаро розилиги билан ихтиёрийлик асосида тузилади ҳамда никоҳ тузишга мажбурлаш тақиқланади. Бош қомусимизда ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, унинг жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши қайд этилган.

Таассуфки, айрим ҳудудларда аёлни эрга тегишга мажбурлаш, ёки қизлар билан никоҳ тузиш учун ўғирлаш ҳолатлари бот-бот учраб турмоқда», — деди Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.

Шунингдек, Феруза Эшматова демократик давлатда оила ўғил-қизларнинг ўзаро розилиги асосида қурилиши қўллаб-қувватланишини таъкидлаган.

Бундан аввал Сенат раиси Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдиргани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Саида Мирзиёева ўзбек расмийларининг аёлларга нисбатан шафқатсизликларини қоралагани маълум қилинган.

Янгиликлар