Ўзбекистонга қўшни давлатлардан ўқишни имтиҳонсиз кўчириш мумкинлиги ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган қўшни давлатлардан ўқишни  Ўзбекистонга имтиҳонсиз кўчириш мумкинлиги айтилган хабарларга ойдинлик киритди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда, жумладан, Telegram каналларда қўшни давлатлардан имтиҳонсиз Ўзбекистонга ўқишни кўчириш мумкинлиги айтилган. Бунинг учун 15 февралгача аризалар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида қабул қилиниши тўғрисида хабарлар тарқалган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдириб, мазкур хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ёлғон ҳисобланишини билдирди.

Маълумот ўрнида, давлат аккредитациясидан ўтмаган ОТМда ҳамда масофавий таълим шаклида таҳсил олаётганларга Ўзбекистон ОТМларига ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди. Шунингдек, хорижда ўқиётган олий таълим муассасаси томонидан талабанинг ўқиши тўғрисидаги сўровномага салбий жавоб олинган тақдирда ушбу талаба Ўзбекистон ОТМсига қабул қилинмайди.

Аввалроқ Самарқандда ўқишни кўчириб бериш эвазига 800 доллар пора олган проректор ёрдамчиси қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Бош прокуратуранинг тезкор тадбирида қўлга тушган У.Э. исм-шарифли шахс Самарқанд давлат университетида ишлашини университет маъмурияти рад этган.

Янгиликлар