Самарқандда ўқишни кўчириш учун 800 доллар пора олган проректор ёрдамчиси СамДУда ишлаши рад этилди

Самарқанд вилоятида ўқишни кўчириб бериш эвазига 800 доллар пора олган проректор ёрдамчиси Самарқанд давлат университетида ишламаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда «Tez News»га Самарқанд давлат университети ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Самарқанд давлат университети ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Бош прокуратуранинг тезкор тадбирида қўлга тушган У.Э. исм-шарифли шахс Самарқанд давлат университетида ишлашини университет маъмурияти рад этди.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумот тарқатишда қонунчилигимизда белгиланганидек, тўлиқ текширилган, асосли манбаларга таянса, мақсадга мувофиқ бўларди. Aслида СамДУга умуман алоқаси бўлмаган шахсни штатлар жадвалида йўқ лавозим билан аташ, жамоатчиликни чалғитишга, ортиқча гап-сўзлар кўпайишига олиб келади», — деди университет ахборот хизмати ўз муносабатида.

Маълумот учун, ўзини Самарқанд давлат университети проректори ёрдамчиси деб таништирган У.Э. исмли шахс талабадан ўқишини Урганч давлат университетига кўчириб бериш эвазига 800 доллар сўраган. Фуқаро У.Э. келишилган пулни олаётган вақтда ушланган ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бешариқда 5 минг долларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгар ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қўқон давлат педагогика институти ёшлар етакчиси ва факультет декани пора олаётган вақтда ушлангани маълум қилинди.