Наманган шаҳрида янги туман ташкил этилади

Парламент қуйи палатасининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар «Наманган вилояти Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида»ги масалани кўриб чиқди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг 26—27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ ушбу масала мазкур ҳудудда бошқарув самарадорлиги яхшиланишини назарда тутган ҳолда киритилган.

Қайд этилишича, Давлатобод тумани таркибига Наманган шаҳрининг «Юксалиш», «Наврўз», «Нуробод», «Гулшан», «Орзу», «Порлоқ», «Навбаҳор», «Мустақиллик», «Тўқувчи», «Умид», «Янги тонг», «Халқлар дўстлиги», «Давлатобод», «Қуйи Ғирвон», «Юқори Ғирвон», «Ўрта Ғирвон», «Боғ», «Элобод», «Гулобод», «Ирвадон», «Шишаки», «Қуйи Ровустон», «Ўрта Ровустон», «Юқори Ровустон» ва «Елхон» маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудлари ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Таъкидланишича, бу ўзгаришлар ҳудудда янги инфратузилма объектлари барпо этилиши ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш тизимининг янада яхшилинишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда август ойидаги вилоят даромадининг умумий ҳисоби маълум бўлгани ҳамда Наманганда туризм соҳасида Туркия билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар