Наманганда туризм соҳасида Туркия билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Туркиянинг Сиирт ва Испарта вилоятлари ҳокимларига туризм соҳасида ҳудудлараро тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан юборган таклифи ижобий қабул қилинди, деб хабар берди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, яқин кунларда вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси ҳамда икки вилоят Маданият ва туризм бошқармалари ўртасида бу борадаги алоқаларни кучайтиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланади.

Таъкидланишича, Наманган ҳамда Испарта ўртасидаги ҳамкорликнинг тамал тоши 2018 йилнинг июль ойида Наманган шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Шавкат Абдураззақов бошчилигидаги делегациянинг Испартага ташрифи давомида имзоланган шаҳарлар келишуви билан қўйилган.

«Сиирт вилоятининг Байкан туманида эса Султон Увайс Қароний мақбараси жойлашган бўлиб, бу зиёратгоҳни халқаро туристик жозибадор масканга айлантириш борасида катта тажриба шаклланган. Чортоқ туманида яқинда реконструкция ва қурилиш ишлари якунланган Султон Увайс Қароний ҳамда Биби Наима она зиёратгоҳларини туристик оммалаштиришда бу тажриба қўл келиши тайин», дейилади хабарда.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 14 август куни вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Россиянинг Свердловск вилояти туризмни ривожлантириш маркази ўртасида туризм соҳасида ахборот ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, туризм секторига ўзаро инвестициялар жалб этиш, туризм маҳсулотлари тарғиботи ва маркетингини амалга ошириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик қилиш вазифаларини кўзда тутган меморандум имзоланган.

Аввалроқ Бўстонлиқда умумий қиймати 50 миллиард сўм бўлган меҳмонхона, Бухорода инновацион туризм маркази очилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий этиши маълум қилинганди.

Янгиликлар