Ўзбекистонда 2019–2020 йилда чақалоқ савдоси бўйича қанча фуқаро жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди

Ўзбекистонда 2019–2020 йилларда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларда 49 нафар ота-она ва 38 нафар воситачи айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда 4 декабрь куни ўтказилган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Йиғилишда Ички ишлар вазирлигининг Республикада чақалоқ савдоси жиноятларини эрта аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ҳисоботи эшитилган.

«Бу борада ҳам айрим камчиликлар мавжуд, хусусан, айбдорларга нисбатан жазо чораларини қўллашда енгилликлар бериб юборилмоқда. Мисол учун, охирги икки йил ичида фарзандини сотган ота-оналарнинг 38,8 фоизига, воситачиларнинг эса бор-йўғи 5,2 фоизига қамоқ чораси қўлланилган холос. Қолганларига эса синов муддати, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш каби чоралар қўлланилган», — деди Танзила Норбоева.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигининг Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўз тизимидаги муассасаларда чақалоқ савдосининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тўғрисидаги ахборотлари эшитилган.

Аввалроқ Фарғонада бир ёшли фарзандини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда эрга тегмаган қиз 6 ойлик боласини сотаётганда қўлга тушгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар