Бухорода табиий газ тармоғига ноқонуний уланган иссиқхона фаолияти аниқланди

Бухоро туманида «Бухоротумангаз» газ таъминоти бўлими ходимлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ноқонуний йўл билан табиий газ қувурига уланиб олган корхона фаолияти тўхтатилди.

Фото: Прокуратура департаменти

Хабарга кўра, «Ж.В.» МЧЖ мансабдор шахслари жамиятга қарашли иссиқхонани ҳужжатларсиз ноқонуний равишда аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминловчи юқори босимли газ қувурига тўғридан-тўғри улаб, газ таъминоти корхонаси манфаатларига 106,1 миллион сўм зарар етказганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, ушбу иссиқхонада ноқонуний фойдаланилган табиий газ бир ой давомида ҳудуддаги 280 та хонадонни узлуксиз газ билан таъминлашга етиши маълум бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир:

Янгиликлар