Андижон прокуратураси маоши тўлаб берилмаган кетмончи аёлларга салкам 245 млн сўм ундириб берди

Андижон вилоят прокуратураси маоши тўлаб берилмаган кетмончи аёлларга салкам 245 миллион сўм ундириб берди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Избоскан туманида фаолият кўрсатиб келаётган МЧЖ томонидан 1815 гектар майдонида ғўза парвариш ишлари олиб борилган. Майдонда уюшмаган аҳоли орасидан жами 1350 нафар фуқаро оғзаки келишувга асосан иш ҳақи сифатида ойига 400 минг сўмдан ишлаб келган.

Ижтимоий тармоқлар орқали видеохабар юборган аёллар айнан ўша МЧЖга қарашли ҳудудда меҳнат қилган. Ушбу фуқароларнинг ойлик маоши апрель, май ва июнь ойлари учун ўзаро оғзаки келишувга асосан МЧЖ томонидан ўз вақтида тўлаб берилган. 2020 йилнинг июль ойи учун келишувга асосан фуқароларнинг белгиланган ойлик маоши пандемия сабабли юзага келган молиявий қийинчилик сабаб 5 сентябрь ҳолатига қадар тўлаб берилмаганлиги аниқланган.

Вилоят прокуратурасининг аралашуви билан 6 сентябрь куни МЧЖ аъзоларига жами 249 миллион 500 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 3200 гектар ер майдонидаги пахта ҳосили машинада терилиши, Ғиждувонда пахта теришга 26 мингдан ортиқ теримчи жалб қилиниши ҳақида хабар қилинган.

Маълумот учун, Самарқандда 200 нафар фуқаронинг 600 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилган.