Каттақўрғонда 10 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга бепул уйлар берилди (фото)

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани «Боғот» маҳалласида ҳар бири 3 хонадан иборат 10 та янги уй ижтимоий аҳволи оғир, турар жойга муҳтож оилаларга бепул берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Мазкур уй-жойлар қурилишига 1 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланган. Шундан 643 миллион сўми Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан йўналтирилган бўлса, қолгани маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилгани ҳисобидан ажратилган. «Саҳоват ва кўмак» жамғармаси маблағлари эвазига эса уйларни жиҳозлаш ишлари амалга оширилган.

Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Ижтимоий аҳволи оғир ва турар жойга муҳтож оилаларга уйни топшириш маросимида туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси Равшан Бедилов, вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Сухроб Рафиков, секторлар ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари, қурувчилар ва бир гуруҳ маҳалла фаоллари иштирок этди.

Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Бошига иш тушганда мурувват ёрдамлари кўрсатилса, кўз ёшини яширолмас экан киши. Уйимиз йўқ эди. Турмуш ўртоғим йўл қурилишида ишларди. Яқинда бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтди. Қизим билан қайга боришимни билмай турганимда бепул берилган, яшаш учун барча шароитларга эга уй менинг ҳаётимдаги энг қувончли дамларни ҳадя этди. Яхшиям муҳтожларни эътиборсиз қолдирмайдиган эл фарзандиман, ўзбекистонлик эканлигимдан мамнунман», — дейди янги уй соҳибаларидан бири Хумора Исмоилова.

Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Булунғурда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 10 та бепул уй ва 100 та иссиқхона қуриб берилиши ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари Хўжаободда 15 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога уй-жой берилган.

Янгиликлар