Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори коррупцияга қарши курашда халқаро стандартни қўллашнинг афзалликлари ҳақида маълум қилди

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов ISO 37001:2016 стандартини жорий этиш фуқароларнинг ишончини орттириш, ходимларнинг ҳалоллигини ошириш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ҳамда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг шаффоф ва самарали тизимини яратишни мақсад қилган давлат идоралари учун жуда самарали восита бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

«Коррупция дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. У жиддий ижтимоий, маънавий, иқтисодий ва сиёсий муаммолар келтириб чиқаради ҳамда давлат органлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, ривожланишга тўсқинлик қилади ва рақобатни ўлдиради.

Коррупция туфайли дунё иқтисодиёти 2,6 триллион долларни йўқотмоқда,
бу дунёдаги мавжуд ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизидан кўпроғини ташкил этади (2018 йилда Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан БМТ бош котиби Aнтонио Гутерришнинг сўзлаган нутқидан).

Мамлакатлар ҳукуматлари коррупцияга қарши курашиш учун турли хил давлат дастурларини қабул қилмоқдалар, аммо унинг натижаси кутилганидек самарали бўлмаяпти.

Коррупцияни идрок қилиш индекси (Corruption Perception Index) 2018 йил учун эълон қилинган маълумотларига кўра, дунё мамлакатларининг 2/3 дан кўпроғи 0 дан 100 гача бўлган шкалада 50 дан паст балл тўплади ва ўртача балл 43 га тенг бўлди. Бундан кўринадики, кўпгина мамлакатлар коррупцияни сезиларли даражада назорат қилишга қодир бўлмай келмоқдалар.

ISO 37001:2016 ‘Коррупцияга қарши бошқарув тизимлари — фойдаланиш учун талаблар ва тавсиялар’ халқаро стандартининг ишлаб чиқилишини глобал миқёсда коррупцияга қарши курашда муҳим қадам деб ҳисоблаш мумкин», — дейди Аъзам Мадаминов.

Шунингдек, у ISO 37001:2016 коррупцияга қарши мукаммал бошқарув тизимини йўлга қўйишга хизмат қиладиган халқаро стандарт эканлигини айтди.

«ISO 37001:2016 — бу ташкилотда коррупцияга қарши курашнинг самарали тизимини яратишнинг халқаро усулларини ўзида жамлаган, коррупцияга қарши мукаммал бошқарув тизимини йўлга қўйишга хизмат қиладиган халқаро стандартдир.

ISO 37001:2016 коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, қўллаб-қувватлаш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш учун талабларни ва раҳбарий кўрсатмаларни белгилайди.

Стандарт 44 та мамлакатдан жалб қилинган 80 нафар мутахассисдан махсус шакллантирилган ISO/PC 278 ‘Anti-bribery management systems’ ишчи қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.

ISO 37001:2016 ташкилот фаолиятида коррупция билан боғлиқ юзага келадиган қуйидаги ҳолатларга нисбатан амал қилади:

  • давлат, хусусий ва нотижорат секторларида пора олиш;
  • ташкилотлар томонидан пора олиш;
  • ташкилот номидан ёки унинг фойдасига ишлайдиган ходимлар томонидан пора олиш;
  • ташкилот номидан ёки унинг фойдасига иш олиб борадиган ҳамкорлари томонидан пора олиш;
  • ташкилотга пора бериш;
  • ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ ташкилот ходимларга пора бериш;
  • ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳамкорларига пора бериш;
  • тўғридан-тўғри ёки кимдир орқали (масалан, учинчи шахс томонидан тақдим этилган ёки қабул қилинган пора) пора бериш каби ҳолатлар.

ISO 37001:2016 ҳар қандай юрисдикцияда ва ҳар қандай сектор ҳамда тармоқда (давлат, хусусий ёки нотижорат ташкилот ва ҳоказо) коррупцияга қарши бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган.

Ушбу стандарт Малайзия ҳукумати томонидан жорий қилинган бўлиб, ҳам давлат секторида, ҳам хусусий секторда ижобий натижа берган. Хусусан, Малайзиянинг бир қатор муҳим халқаро тадқиқотлар ва индекслар бўйича кўрсаткичлари яхшиланган.

Шунингдек, Сингапур ва Хитойда давлат секторида, Индонезия ва Таиландда хусусий секторда ISO 37001:2016 стандартидан фойдаланилади.

Буюк Британияда эса Бирлашган Қиролликнинг Аккредитация хизмати (Accreditation Service) аккредитация схемасини ишлаб чиқиш учун ISO 37001:2016 бошланғич дастурини амалга оширган.

Дунёнинг энг йирик компанияларидан бўлган Microsoft ҳам ISO 37001:2016 стандарти бўйича сертификатга эга», — деб таъкидлайди Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори.

Ундан ташқари, Аъзам Мадаминов нима учун ташкилотда ISO 37001:2016’ни жорий қилиш муҳим эканлигини тушунтириб берди.

«Сир эмаски, йирик ташкилот раҳбари ташкилотидаги ҳар бир ходимни назорат қила олмайди. Бунинг учун самарали тизим керак.

ISO 37001:2016 ташкилотга у қайси мамлакатда фаолият кўрсатишидан қатъи назар, коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқишда, жорий этишда, сақлашда ва такомиллаштиришда ёрдам беради.

Ушбу стандартга мувофиқ бошқарув тизимини жорий қилиш ташкилот раҳбарига ҳар бир ходимнинг ҳалоллиги ҳақида хавотир бўлиб юрмасликка имкон беради, чунки бу ҳолат ушбу жорий этилган тизим томонидан назорат қилинади. Тизимнинг жорий этилиши натижасида ташкилот тўғри йўлга қўйилган жараён зарур натижани берадиган механизм сингари ишлайди.

Таъкидлаш лозимки, ISO 37001 нафақат коррупцияга қарши тизимга нисбатан аниқ талабларни белгилайди, балки ташкилотнинг бошқарув тизимига талабларни жорий этиш жараёнини сезиларли даражада соддалаштирадиган тизимни яратиш бўйича раҳбарий кўрсатмалар беради.

Тизимни жорий этиш:

маъмурий тартиб-таомиллар, давлат хизматлари ва харидларини амалга оширишда давлат органларида коррупция фактлари тўғрисида маълумот олишга;

марказий аппарат ва ҳудудий тузилмалар кесимида коррупция ҳолати
ва тенденциялари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишга;

давлат идоралари, тармоқлар, ҳудудлар ва коррупция турлари кесимида коррупция ҳолати ва тенденциялари мониторингини амалга оширишга;

фуқароларнинг, ходимларнинг мурожаатлари бўйича ягона тизим ва маълумотлар базасини яратиш, шунингдек давлат хизматида коррупцияга қарши ўқитиш ва ҳалоллик бўйича малакасини оширишга хизмат қилади», — дейди у.

«ISO 37001:2016 бўйича сертификат олиш учун коррупцияга қарши бошқарув тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, жорий қилинган тизимнинг стандарт талабларига мувофиқлигини мустақил аудит ўтказиш орқали тасдиқлаш керак.

ISO 37001:2016 ташкилотдан бир қатор тадбирларни амалга оширишни талаб қилади. Хусусан:

  • коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқиш;
  • коррупцияга қарши тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш учун масъулларни тайинлаш;
  • ходимларни ўқитиш;
  • коррупция хавфларини баҳолашни ўтказиш;
  • молиявий ва тижорат назоратини олиб бориш, ҳисоботлар юритиш
    ва бошқалар.

Стандартга мувофиқ, самарали коррупцияга қарши сиёсат учун ваколатли
ва жавобгарлиги белгиланган коррупцияга қарши курашиш хизматини жорий этиш зарур.

Коррупцияга қарши курашиш хизмати етарли ресурсларга эга бўлиши, тайинланган шахслари эса тегишли малака, мақом, ваколатларга ва мустақилликка эга бўлиши керак. Хизмат, зарурати бўлган тақдирда, коррупцияга оид ёки коррупцияга қарши бошқарув тизими билан боғлиқ ҳар қандай савол ёки муаммони энг юқори даражада кўриб чиқиш учун юқори турувчи раҳбариятга тўғридан-тўғри ва тезкор кириш имкониятига эга бўлиши керак.

Хавф даражаси паст даражадан юқори бўлган барча лавозимларга, шунингдек коррупцияга қарши кураш хизматининг мутахассисларига нисбатан ташкилот қуйидагиларни ўз ичига оладиган тартиб-таомилларни жорий этиши керак:

  • ишга қабул қилишдан, бошқа лавозимга ўтказиш ёки юқори лавозимга кўтаришдан олдин ҳар бир номзодни комплекс текширувдан ўтказиш, уларни ишга қабул қилиш ва бошқа лавозимга ўтказишнинг асослилигини текшириш, уларнинг коррупцияга қарши сиёсат ва бошқарув тизими талабларига мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш;
  • бошқа меҳнатга ҳак тўлашни барча турдаги рағбатлантирувчи элементларини (бонуслар, мақсадли кўрсаткичлар ва ҳоказо) уларни қўллашда коррупциянинг олдини олиш учун етарли ҳимоя чоралари кўрилганига ишонч ҳосил қилиш мақсадида даврий таҳлил қилиб бориш;
  • ходимлар, юқори раҳбарият ва бошқарув органи ўзларининг коррупцияга қарши сиёсатига мувофиқлигини тасдиқлаш учун вақти-вақти билан декларацияни тўлдириб турадилар.

Шунингдек, ушбу стандартга мувофиқ бўлиш учун ташкилот ўз ходимларини етарли даражада хабардор қилиш ва ўқитишни таъминлаши керак. Бундай ўқитиш тизими, зарур ҳолларда, коррупция хавфини баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги саволларни ўз ичига олиши лозим:

  • ташкилотнинг коррупцияга қарши сиёсати, коррупцияга қарши тартиб-таомиллар ва бошқарув тизими, шунингдек, ходимнинг уларга мувофиқ бўлиш мажбурияти;
  • коррупция хавфлари ва улардан ходим ва ташкилот учун зарарлар;
  • хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда юзага келиши мумкин коррупция ҳолатлари ва уларни аниқлаш усуллари;
  • таъмагирлик ва пора таклиф қилишга уринишларни қандай аниқлаш
    ва ўзини қандай тутиш кераклиги;
  • ходимлар қандай қилиб порахўрликдан огоҳлантириш ва олдини олишга ёрдам бериши, шунингдек, коррупциянинг асосий индикаторларини аниқлаб олиши мумкинлиги;
  • коррупцияга қарши бошқарув тизимининг самарадорлигига қўшган ҳиссаси, шу жумладан, коррупцияга қарши кўрсаткичларнинг яхшиланишини ва порахўрликда гумон қилинганлар тўғрисидаги хабарларнинг рағбатлантирилиши;
  • коррупцияга қарши бошқарув тизими талабларини бажармасликнинг асоратлари ва юзага келиши мумкин бўлган оқибатлари;
  • мавжуд ҳар қандай гумонлар ҳақида қандай ва кимга хабар бериш мумкинлиги;
  • мавжуд ўқитиш ва бошқа ресурслар ҳақида маълумот.

Шунингдек, ташкилотда пора сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳолатларда совғалар, миннатдорчилик рамзлари, хайр-эҳсон ва шунга ўхшаш рағбатлантириш турларини таклиф қилиш, бериш ёки қабул қилишнинг олдини олиш учун ишлаб чиқилган тартиб-таомиллар жорий қилиниши лозим.

Стандартда коррупцияга қарши терговни ва чоралар кўрилишини таъминлаш учун жорий қилиниши лозим бўлган тартиб-таомиллар ҳам белгиланган. Хусусан, терговни тергов предметига лавозими ва вазифалари юзасидан алоқаси бўлмаган ходимлар олиб бориши ва тергов бўйича маълумотлар фақат шундай ходимларга тақдим этилиши лозим», — деб ISO 37001:2016 стандартига мувофиқ сертификатлашни маълум қилди.

«ISO 37001:2016 стандартини жорий этиш фуқароларнинг ишончини орттириш, ходимларнинг ҳалоллигини ошириш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ҳамда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг шаффоф ва самарали тизимини яратишни мақсад қилган давлат идоралари учун жуда самарали восита бўлиши мумкин.

ISO 37001:2016 сертификатини олиш орқали давлат органи ва бошқа ҳар қандай ташкилот ўзининг шерикларига, давлат идоралари ва бошқа манфаатдор шахсларга коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф қилиш учун зарур бўлган барча чораларни халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошираётганини намойиш қилиши мумкин», — деб хулоса қилди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов.

Аввалроқ Фарғонада 39 миллион сўм пора эвазига масжид фаолияти учун рухсатнома олиб бермоқчи бўлган ҳамда Фарғонада ҳоким қарори бўйича суд ишини ҳал қилиб беришини айтиб тадбиркордан 500 доллар пул олган адлия ходими қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Навоийда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган «СЭС» бош шифокори ва омбор мудири ҳибсга олингани, Наманганда СЭОМ ходими 40 миллион сўм пора билан қўлга тушгани ва Паркентда «СЭС» ходимларининг давлатга салкам 400 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум қилинган.

Янгиликлар