Когонда ўзбек тилида бўлмаган пешлавҳа ва баннерлар олиб ташланди (фото)

Когон шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилбар Шарипова томонидан тадбиркорлар билан тарғибот ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Когон ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Когон ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, тадбиркорларга «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги қонунининг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги тушунтирилди. Савдо дўконлари пештоқидаги пешлавҳалар, реклама, барча тарғибот воситалари давлат тилида бўлиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Фото: Когон ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, шу куни қонун талабларига мос келмайдиган ташқи реклама, пешлавҳа ва эълонларни алмаштириш бўйича тавсиялар берилиб, тадбиркорлар ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан савдо, маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчаларида ўрнатилган ташқи ёзувлар, пешлавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот матнларининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонун талаблари асосида расмийлаштирилмаган, маънан эскирган, хорижий тилда ёзилган ёзувлар олиб ташланди.

Фото: Когон ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, шаҳарда тадбиркорлик субъектлари, корхона, ташкилотларга «Давлат тили» ҳамда «Реклама тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига риоя этилишига кўмаклашиш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда кўчалардаги реклама баннерлари ўзбек тилида ёзилишини тарғиб қилиш бўйича тадбир ўтказилгани ҳамда Самарқанд кўчаларидаги реклама баннерлари чет тилидаги ёзувлардан тозалангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар