Бухорода юк машинасидаги асфальт эркакнинг устига ағдарилгани акс этган видео эълон қилинди

Бухоро шаҳрида 10 январь куни иссиқ асфальт ортилган юк машинаси эркакнинг устига ағдарилиб кетгани хабар қилинган эди. Бухоро вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Фото: Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, воқеа 10 январь куни соат 16:35 атрофида Бухоро шаҳрининг Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси Амир Темур мавзесида жойлашган 25-уй ёнида содир бўлган. Хабарда юкхонасига иссиқ асфальт ортилган «Howо» русумли юк автомашинаси шу ҳудуда ободонлаштириш ишларини олиб бораётган ходимнинг устига ағдарилиб кетгани айтилган.

Бу ҳолатни кўрган бошқа бир аёл ҳушини йўқотиб, ерга йиқилиб тушган. Атрофдаги фуқароларлар тўкилган асфальтни ковлаб, юк тагида қолиб кетган ходимни қутқариб олган. Дастлаб юк кўплигидан унинг оёғини чиқара олмаган. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар бошҳқармаси ва тез ёрдам етиб келганидан сўнг фуқаро билан қазиб олинган. Фуқаро ва ҳушини йўқотган аёлга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатаилиб, шифохонага жўнатилган.

Ҳудудда яшовчи аҳолининг сўзларига кўра, мазкур бахтсиз ҳодисага сабаб йўлак остида қолдириб кетилган ковак бўлган. Бундан бир неча кун аввал худди шу ерда марказий сув қувури ёрилган ва сувоқова ташкилоти муаммоларни бартараф этиш мақсадида йўлак остини қазиган ҳамда йўлак юзаси кўмиб кетилган. Ушбу носоз йўлакдан ҳаракатланган юк машинаси эса йўлнинг ўша қисми мўртлиги сабабли бир инсоннинг устига ағанаб тушган.

Аввалроқ Россияда қурилиш майдончасининг 2-қаватидан тушиб кетган ўзбекистонлик ишчи вафот этгани ва Жиззахда 69 ёшли аёл қудуққа тушиб кетгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Фарғонада қурувчи ўзи қазиган 12 метрлик чуқурда қолиб кетгани ҳақида хабар берилганди

Янгиликлар