Тошкентда ҳужра ташкил қилиб, болаларни ўқлов билан калтаклаб келган шахс аниқланди — видео

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида А. исмли шахс хонадонида ноқонуний тарзда ҳужра ташкил қилиб, болаларга диний таълим бериб келгани аниқланди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @Uzreport_uz

Қайд этилишича, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Терроризм-экстремизмга қарши курашиш бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда туманнинг «Жанггоҳ» маҳалласида А. исмли шахс ўз хонадонида хужра ташкил қилиб, ноқонуний диний таълим бераётгани аниқланган.

Диний таълим беришга ҳеч қандай рухсати ва маълумоти бўлмаган мазкур шахс вояга етмаган болаларни таълим бериш жараёнида ўқлов билан уриб, турли даражада жароҳат етказиб келган. Аниқланишича, ота-оналар болаларининг диний таълим олиши учун 150-200 АҚШ доллари бериб келишган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўрта даражада шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда ҳужрада болаларни калтаклаб, диний таълим бериб келганлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада тақиқланган диний маърузаларни тарқатиб келган 18 ёшли йигит суд қилингани хабар қилинган.

Янгиликлар