Зангиотадаги қаровсиз ерга қурилган уйлар Сенат аралашуви билан «Обод маҳалла»га киритилади

Сенат томонидан Зангиота тумани «Ойбек»МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан келиб тушган мурожаат ўрганилди ва ҳал этилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Хабарга кўра, 4 сентябрь куни парламент юқори палатасига Зангиота тумани «Ойбек» МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилган.

Қайд этилишича, 2019 йилда ушбу ҳудуддаги 47 та хонадон «снос»га тушиши ҳақида аҳоли огоҳлантирилган ва уларга тегишли тартибда компенсация пули тўлаб берилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Шунингдек, туман ҳокимлиги мутасаддилари янги маҳаллага барча зарур коммуникациялар ўтказиб берилишини билдирган. Aммо бу ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ушбу масала Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Қодирхонова томонидан жойига чиқиб ўрганилган.

Маълум қилинишича, ҳақиқатан ҳам уйи бузилган аҳолининг номига пластик карта очилиб, компенсация пуллари ўтказиб берилиб, Зангиота туманидан «Нигора бахт агро» фермер хўжалигининг фойдаланилмайдиган ерларидан жой ажратилган. Ўз навбатида ҳудудда фуқаролар томонидан уй-жой қурилган. Бироқ йўлларга на асфальт ётқизилган, на шағал тўкилган. Сенатга мурожаат қилингандан сўнг бир кун ичида кўчага шағал тўкилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Таъкидланишича, мутасаддилар шу кунга қадар ҳудудни маҳаллага қўшиш, коммунал хизматлари кўрсатилишига эътибор қаратмаган, фуқаролар бу борада бир неча маротаба тегишли идораларга мурожаат қилишига қарамай, уларга тўғри йўналиш кўрсатилмаган.

Сенатор аралашуви билан ушбу ҳудуд «Обод» МФЙга киритиладиган бўлди. Шунингдек, канализация, электр энергияси, ичимлик суви ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммо бартараф этилади. Ушбу маҳаллада болалар бўш вақтини мазмунли ўтказиши мақсадида спорт майдончаси ҳам қурилади.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, янги кўп қаватли уйлардан хонадон олиш учун бошланғич тўловни тўлаган, аммо уй-жой берилмаётгани билан боғлиқ ҳолат қонуний кўриб чиқилиши юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатма берилиб, фуқароларнинг мазкур мурожаатлари Сенат томонидан назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, сенатор Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтидаги тест синовлари учун яратилган шароит билан танишгани ҳамда сенатор талабанинг мурожаати бўйича Жиззах давлат педагогика институтига бориб, ҳолатни ўргангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар