Aмерикалик олимлар ламадан CОVID-19’га қарши самарали моддани олишга муваффақ бўлди

Aмерикалик олимлар тадқиқот давомида ламалар танасидан CОVID-19’га қарши курашиш учун самарали моддани олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «Science» журналига таяниб, «РБК» хабар қилди.

Хабарга кўра, буни Пенсильвания штатидаги Питсбург университети тиббиёт мактаби мутахассислари амалга оширган. Улар ламанинг танасига S-протеин (бошоқли оқсил) SARS-CoV-2 парчасини киритган ва икки ой ўтгач ҳайвон иммунитет тизимида CОVID-19’га қарши етук нанотаначалар ишлаб чиқарила бошланганига гувоҳ бўлган.

Қайд этилишича, шундан сўнг олимлар SARS-CoV-2 билан энг кучли боғланган нанотаначаларни аниқлаган. Улар ламанинг бошқа антитаначаларига қараганда самаралироқ. Тадқиқотчилар антитаначаларнинг нанограммасининг бир қисми миллионлаб ҳужайраларни инфекциядан қутқариши мумкинлигини аниқлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, одам антикорларидан анча кичикроқ ва барқарорроқ бўлган лама антитаначалари SARS-CoV-2’ни зарарсизлантиришга қодир ва келажакда улар CОVID-19’ни даволашда дори воситаларини яратиш учун ишлатилиши мумкин.

Аввалроқ олимлар кўзойнак таққан одамларга COVID-19 юқиш эҳтимоли беш баравар камлигини аниқлаганди. Шунингдек, австралиялик олимлар томонидан коронавирус инфекцияси смартфонлар экранида бир ойгача сақланиб қолиши маълум қилинди. Кейинчалик мутахассис коронавирус антитаначаларини аниқловчи тестни фойдасиз деб атагани ҳақида хабар қилинганди.