Сирдарёда Қозоғистон ОТМсига ўқишга киритиш учун фуқародан 2,7 минг доллар олган эркак ушланди

Сирдарё вилоятида фуқарони Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги Олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг 700 доллар олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, фуқаро Р.И. ноқонуний даромад орттириш мақсадида фуқаро М.нинг ишончига кириб, уни Қозоғистондаги танишлари орқали Чимкент шаҳридаги олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.

Таъкидланишича, Р.И. бунинг эвазига М.дан 2 минг 700 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Р.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Каттақўрғонда абитуриентни 8 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Aндижонда 4 минг долларга эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган ўқитувчи ушлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар