Ўзбекистонда касб-ҳунар бўйича махсус курсни тугатган ишсиз ёшларнинг ўқиш харажатларини давлат қоплаб беради

Ўзбекистонда касб-ҳунарга ўрганган ишсиз ёшларнинг ўқиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади, ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификат олган битирувчиларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, ёшларни тадбиркорликка йўналтириш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ёшларга тадбиркорлик ҳақида назарий билимлар берилади. «Ёшлар 1+1» дастури асосида 6 кун давомида махсус курслар ташкил этилиб, курс тингловчиларига махсус сертификатлар берилиши режалаштирилмоқда. Курсларни тугатган ишсиз ёшлар 3 йил муддатга 33 миллион сўмгача бўлган 6 ойлик имтиёзли даври ва гаровсиз кредит олиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, ҳудудларда «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойили асосида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида намунавий ўқишлар ташкил этилмоқда.

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим муассасаларига сарфланган харажатнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.

Таъкидланишича, ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификат олган битирувчиларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади. Микрофирма ва кичик корхона ташкил этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги ва суғурта полисларисиз 225 миллион сўмгача кредит Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кафиллиги асосида берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бағдодда 1200 дан ортиқ ўринга эга касб-ҳунар мактаби очилгани ҳамда Учкўприкда 650 нафар ўқувчига мўлжалланган янги касб-ҳунар мактаби очилгани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар