Шавкат Мирзиёев: «Охирги беш ойда ҳаммамиз синовдан ўтдик»

Шавкат Мирзиёев 13 октябрь, сешанба куни сирдарёлик фаоллар, сув тошқинидан жабрланган одамлар билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида вилоят аҳли билан шундай ободликда, ёруғ юз билан кўришиб турганидан хурсандлигини билдирган.

«Охирги беш ойда ҳаммамиз синовдан ўтдик. Ҳамжиҳат бўлиб, матонат, меҳнат билан шароитни тикладик, янги уйлар, йўллар қурилди. Бугун бу ишларни кўриб, албатта хурсанд бўлдим. Лекин менга энг катта куч, қувонч берган нарса одамларнинг кайфияти бўлди», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Сардоба сув омбори тўғони уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказган эди. Ҳукумат комиссияси тузилиб, унинг оқибатларини бартараф этишга куч ва воситалар жалб қилинган. Сув босган маҳаллалар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиниб, бошпана ва озиқ-овқат билан таъминланган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликлар ўзаро мувофиқ ҳаракат қилиб, турмуш шароитлари тикланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Халқимиз розилигини биринчи кундан асосий мақсадимиз, шиоримиз этиб танлаганмиз. Қийин, лекин шунинг учун ишлаяпмиз. Сирдарёдаги қурилишлар, ўзгаришлар шу билан чекланиб қолмайди, яна давом этади. Бунинг учун катта марралар белгилаганмиз», — дейди Президент.

Шунингдек, ҳудудда учта янги мавзе барпо этилган. Боғча ва мактаблар, коллежлар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига бориб, Мирзаобод туманидаги «Ҳақиқат» маҳалласига ташриф буюрди. Шундан сўнг, Сирдарёдаги «Янги Тошкент»ни бориб кўрди.

Шунингдек, Президент Сирдарёдаги йилига 3,5 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонага борди. Кейинроқ, Сардоба фожиасидан жабр кўрганлар учун қурилган янги уйларни бориб кўргани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар