Озодликка чиқарилган Абдукарим Мирзаев турк қамоқхонасида унга қандай муносабатда бўлишганини айтиб берди — видео

Туркияда қамоққа олинган журналист Абдукарим Мирзаев озод этилган ҳақда хабар берилган эди. У «Registon TV»га берган интервьюсида Туркиядаги қамоқхонада унга қандай муносабатда бўлишганини айтиб берди.

Кадр: YouTube

Абдукарим Мирзаевнинг сўзларига кўра, қамоқда унга жуда яхши муносабатда бўлишган.

«Жуда ҳам яхши муносабатда бўлишди, бир дона сўз ҳам ишлатишмади. Биринчи кун, олиб кетаётган кунларидан бошлаб буларнинг ҳаммаси хато эканлигини, бир янглишлик, тушунмовчилик бўлганини қайта-қайта такрорлашди. Лекин нима қилса ҳам уларнинг вазифалари, бажариш керак. Улар ҳам худди шундай вазифаларини бажаришди. Тўғри 30 сонияча саросима бўлган бўлиши мумкин. Сабаби илк бора шундай ҳолатга тушишим», — дейди журналист.

Маълумот ўрнида, Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти ва журналист Абдукарим Мирзаев 2020 йил 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олинган. Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлаган.

Бироқ Бош прокуратура Ўзбекистонда Абдукарим Мирзаевга ҳеч қандай иш очилмаганини маълум қилган. Шунингдек, журналистнинг мамлакатдан депортация қилинмаслиги айтилган. «Газета.uz»нинг Туркиядаги мухбири Санжар Рустамов айни вақтда ушбу масалага турк матбуоти ҳам эътибор қаратгани, ўзбек журналистининг айби исботланмаган бўлса ҳам Миграсия идорасининг Депортация марказида сақлаб турилгани айтилаётганини маълум қилган.

Кейинчалик Абдукарим Мирзаевнинг адвокати унинг иши бўйича қўшимча баёнот бериб, унинг ҳеч қандай айби бўлмасада, ҳалигача озодликка чиқарилмаятгани ҳақидаги баёнотни тарқатган.

Янгиликлар