Бухородан Тошкентга келаётган «Afrosiyob» йўлда тўхтаб қолди

Бухородан Тошкентга келаётган «Afrosiyob» электропоезди 14 ноябрь куни техник носозлик сабаб йўлда салкам 2 соат тўхтаб қолди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 14 ноябрь, шанба куни Бухоро—Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган 765-сонли «Afrosiyob» электропоездида техник носозлик кузатилган. Шунинг учун электропоезд соат 08:11 да «Бахт» станциясида тўхтаган.

Хабарга кўра, келиб чиққан носозликни бартараф этиш чоралари кўрилган ва соат 09:50 да электропоезд йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттирган.

«Юзага келган ноқулайлик учун ʼЎзбекистон темир йўлларʼ АЖ раҳбарияти йўловчилардан узр сўрайди», – дейилади корхона хабарида.

Аввалроқ Ҳазораспда темир йўл рельси ёнида маст эркакнинг ухлаб қолиши сабаб Хива—Тошкент поезди 16 дақиқа тўхтаб қолгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Чирчиқ темир йўл вокзалида вагон устида «селфи» олмоқчи бўлган ўқувчини ток ургани ҳамда Бухоро туманида темир йўлни кесиб ўтаётган 69 ёшли эркакни поезд босиб кетгани маълум қилинган.