ФВВ Қайроққум сув омбори ёрилиб кетгани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди

Қўшни Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омборида тўғон ёрилгани ҳақида миш-мишлар 14 январь оқшомида ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, бу ахборот ёлғон ва ҳеч бир асосга эга эмас.

Фото: «TripAdvisor»

«Тожикистоннинг фавқулодда вазиятлар бўйича масъул идорасининг аниқ маълумотларига кўра, Қайроққум сув омбори буст-бутун ва штат режимида ишламоқда. Ушбу маълумот ёлғон ҳамда ҳеч асосга эга эмаслигини қайд этамиз», дейилади вазирлик хабарида.

Таъкидланишича, бу хабар Сирдарё вилоятининг тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларида ваҳима уйғотган. Маълумотларга кўра, миш-миш сабаб 14 январь оқшомидан бошлаб бир қатор туманлари йўлларида Тошкент йўналиши томон катта тирбандликлар юзага келган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини хотиржамликка, асоссиз хабар ва миш-мишларга ишонмасликка чақиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Сардоба иши» бўйича 17 нафар мансабдорга жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлганди. Шунингек, сув омбори талафотлари оқибатида 54 та фермер хўжалигининг 9,5 миллиард сўмлик зарари ҳал этилмагани ҳақида хабар берилганди. Ҳозирда «Сардоба иши» бўйича ёпиқ суд жараёни бошланган.

Янгиликлар