Ўзбекистонда COVID-19’дан кўплаб ёш болаларнинг ўлаётгани рад этилди
AОКAда 15 cентябрда коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда аҳолидан келган мурожаат ва саволларга жавоб қайтарилди.
Жумладан, Ўзбекистонда кўплаб болаларнинг COVID-19’дан ўлаётгани ҳақидаги саволга ҳам Нурмат Отабеков жавоб берди.
«Республикамизда коронавирусдан зарарланган ва шу касалликдан вафот этаётган беморлар ёши, лавозимидан қатъи назар, шу кунгача аниқ маълумотлар берилиб келинаяпти. Кўп ёш болалар касалланиб, ўлиб кетаётганлиги ҳақидаги маълумотлар ёлғон», — дейди у.
Мутахассиснинг таъкидлашича, коронавирус касаллиги ёш болаларда енгил ўтади ва аксарият ҳолларда жиддий асоратларсиз соғаяди.
Шунингдек, Нурмат Отабеков коронавирус инфекцияси билан касалланганда кўз билан боғлиқ касалликлар ҳам келиб чиқиши мумкинлигини тасдиқлади. Тадқиқотчи олимларнинг аниқлашича, конъюнктивит, яъни кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши коронавирус касаллигининг белгиларидан бири бўлиши мумкин.
«Италиялик олимлар коронавирус бурун шиллиқ қаватида аниқлангандан бир ҳафта ўтиб кўз шиллиқ қаватида ҳам учрашини тадқиқотларида таъкидлашган. Шунинг учун коронавирус касаллигини даволаётган шифокорлар нафақат бурун ва оғиз, балки кўзларни ҳам ҳимоя қилиш борасида ҳам огоҳлантирилади», — деди Нурмат Отабеков.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистонда 15 октябрдан карантин чоралари яна қаттиқ кучайтирилиши ростми?
- «Коронавирус бепуштликка олиб келадиган касалликлар сирасига кирмайди» — Нурмат Отабеков
Aввалроқ Ўзбекистон 20 фоиз аҳолига етадиган миқдорда вакцина олиш бўйича шартномага эга бўлиши ҳақида хабар қилинганди.