Шавкат Мирзиёевнинг БМТ сессиясида киритган таклифлари бўйича ишчи гуруҳ режаси тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббуслари ва баёнотларини ўз вақтида таъминлаш бўйича 2020 йил 15 октябрь куни «Йўл харитаси»нинг 1 ва 5-бандлари ижросини таъминлаш борасида Идоралараро ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири  Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Фото: «Tez News»

Сессияда ишчи гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, БМТнинг ихтисослашган тузилмаларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган. Йиғилишни Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари Содиқ Сафоев олиб борган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида баён этилган барча ташаббуслар ижросини тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида «Йўл харитаси» шакллантирилган. Йиғилишда кодекс ва резолюция лойиҳалари, шунингдек, уларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи концепциялар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилган. Идоралараро ишчи гуруҳ иш режаси лойиҳаси кўриб чиқилган ва муҳокамадан сўнг тасдиқланган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

«Президент томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ‘Пандемиялар даврида давлатларнинг иҳтиёрий мажбуриятлари тўғрисида’ги халқаро кодексни қабул қилиш. Бу ҳужжатда нималар назарда тутилади, деган савол туғилади кўпчиликда. Унда мисол учун, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ҳақида сўз боради. Ўзимиз гувоҳи бўлдикки, пандемия даврида соғлиқни сақлаш тизими ходимлари биринчи қаторда бўлишди. Демак, ўз-ўзидан талаб келиб чиқадики, биринчи навбатда, тиббиёт ходимлари учун хавфсиз меҳнат тизими шароитини яратиб беришимиз керак. Иккинчи навбатда, иқтисодиётни шундай соҳалари борки, уларни тўхтатиб бўлмайди. Мана шу соҳада ишловчи ходимларга ҳам хавсизлик шароитини яратиб беришимиз керак.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, дунё бўйлаб 400 миллион фуқаро расмий иш ўрнини вақтинчалик йўқотди. Мана шу борада уларни қандай ижтимоий ҳимоялашимиз керак, қандай янги дастурлар ишлаб чиқаришимиз керак, деган савол туради. Бунинг учун янгича тизим — масофадан ишлаш тизими жорий қилинди. Лекин бундан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Бор-йўғи 18—20 фоиз ходимлар масофадан ишлашга қодир.

Яна бир йўналиш — халқаро миграция фаолиятидаги инсонларга ижтимой ёрдам бериш. Маълумотларга кўра, дунё бўйича 272 миллион фуқаро меҳнат муҳожири сифатида фаолият олиб боради. Мана шундай пандемия даврида ҳар битта давлат ўзини юртида фаолият олиб бораётган бошқа давлат фуқароларига ижтимой ҳимоя кўрсатиш мажбуриятини минимал тарзда бўлса ҳам олиши керак», — дейди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов.

Фото: «Tez News»

Бундан ташқари, Президентнинг сессиядаги ташаббусларини амалга оширишда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг кўмаги борасида сўз юритилган. Бу борада олиб борилаётган ишларни аҳолига атрофлича етказиш учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб бориш зарурлиги таъкидланган. «Йўл харитаси»нинг 1 ва 5-банди бўйича амалга оширилиши муҳим бўлган вазифалар белгилаб олинган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ишида иштирок этиб, унда ўзбек тилида нутқ сўзлаганди. Сессияда давлат раҳбари жаҳон ҳамжамияти учун бир қанча таклифларни берган.

Хусусан, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклиф этилган. Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклифи киритилган. Шунингдек, Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантиришга доимо тайёрлигини билдирган.

Шу билан бирга, 2021 йилда ЮНEСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга Ўзбекистон тайёрлигини маълум қилган. Кейинчалик, ЮНЕСКО Бош директори Одри Aзуле Хивада Марказий Осиё бўйича халқаро маданий форум ўтказиш ташаббусини маъқуллаган.

Аввалроқ БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида Танзила Норбоева нутқ сўзлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар