ДХХ Ўзбекистонда пандемия даврида ҳам чегаралар тўлиқ ёпилмаганининг сабабини очиқлади

АОКАда 14 ноябрь куни ўтказилган брифингда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдулҳамид Абдураҳмонов Ўзбекистонда пандемия шароитида ҳам чегаралар тўлиқ ёпилмаганининг сабабини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

«Ҳаммага маълум, жуда кўп юртдошларимиз хорижий давлатларга даромад топиш мақсадида чиқиб кетишган. Лекин пандемия даврида баъзи корхона ва иш берувчилар ўз фаолиятини тўхтатганлиги сабабли ушбу фуқаролар хорижий давлатлар ҳудудида оғир шароитда қолиб кетди ва юртимизга ўз вақтида қайта олмади. Шу сабабли уларни автомобиль ўтказиш пунктлари орқали ҳамда темир йўл ва ҳаво кемаларида ташкил этилган чартер рейслари ёрдамида олиб келинди», — дейди Абдулҳамид Абдураҳмонов.

Шунингдек, Чегара қўшинлари бошқарма бошлиғи ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистон иқтисодиётига пандемиянинг таъсирини камайтириш мақсадида ташқи савдо юкларини ташишга жалб этилган ҳамда хорижий давлатлар ҳудудидаги хўжалик объектларга хизмат кўрсатувчи фуқароларнинг Давлат чегараси орқали ҳаракатланиши тўхтатилмаган.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги ТуркияУкраинаҚирғизистон ва Чехияга  бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар