«Ягона шарти бор». Дональд Трамп «Уйда ёлғиз 2» фильмида қандай пайдо бўлиб қолгани маълум бўлди

«Уйда ёлғиз 2» фильмининг режиссёри Крис Колумбус «Business Insider»га берган интервьюсида Дональд Трамп ўзининг «Plaza» меҳмонхонасида суратга олиш ишлари бўйича музокаралар пайтида қандай шарт қўйгани ва унинг фильмда суратга тушиш сабабини маълум қилди.

«Уйда ёлғиз 2» фильмидан кадр

«Нью-Йоркдаги аксарият жойларда бўлгани каби биз фильм воқеаларини суратга олиш учун тўлов қилишимиз керак бўлган. Вестибюль саҳнасини суратга олишни режалаштирганимиз учун Трамп эгалик қилган ‘Plaza’ меҳмонхонасини танладик. Чунки суратга олиш майдончасида махсус декорацияларни қура олмагандик», — дейди Колумбус.

Кинорежиссёрнинг сўзларига кўра, у Трампнинг меҳмонхонадаги саҳнани суратга олиш шартларига рози бўлган.

«‘Plaza’да суратга олишнинг ягона шарти бор, яъни мен фильмда роль ўйнашим керак», — деган Дональд Трамп.

Шундан сўнг Колумбус унга фильмда роль ижро этишга рухсат берган. Режиссёрнинг айтишича, Трамп билан боғлиқ саҳна фокус-гуруҳга намойиш этилганда гуруҳдагилар ушбу саҳнани илиқлик билан кутиб олган.

«Шундан сўнг мен ушбу саҳнани фильмда қолдиришга қарор қилдим», — дея эслайди Крис Колумбус.

Маълумот учун, 2020 йилнинг ноябрь ойида «Уйда ёлғиз» фильми катта экранларга чиққанига 30 йил бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп AҚШ президенти этиб сайлангунга қадар Нью-Йорк шаҳрининг йирик бизнесменларидан бири ҳисобланган. У «Trump Organization» йирик қурилиш компанияси ҳамда «Trump Entertainment Resorts» меҳмонхона сервисини ташкиллаштирувчи компанияга эгалик қилган. Шунингдек, Трамп «Miss Universe» гўзаллик танловининг асосчиси ҳисобланади.