Ўзбекистонда маданий мерос ҳафталиги доирасида IV халқаро конгресс бошланди

Тошкент шаҳрида 15 декабрь куни маданий мерос ҳафталиги ва «Ўзбекистон маданий мероси — янги ренессанс пойдевори» мавзусидаги IV халқаро конгресс бошланди. Бу ҳақда конгрессда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар қилди.

Фото: «Tez News»

IV халқаро конгресс 4 кун, 15–18 декабрь кунлари давом этади:

  • 15–16 декабрь кунлари «Ўзбекистон маданий мероси: тамаддунлар ва ренессансларнинг ўзаро таъсири»;
  • 17 декабрь куни «Ўзбекистон кинематографияси: ўтмиш, бугун келажак»;
  •  18 декабрь куни «Янги ренессанс — янги авлод» мавзуларида ўтказилади.

Конгрессда расмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан 300 нафардан ортиқ таниқли хорижлик олимлар, шунингдек 1000 га яқин маҳаллий олимлар ва ўзбекистонликлар қатнашади. Шунингдек, конгресс 3 хил тилда олиб борилади ва видеоконференцалоқа форматида ўтказилади.

Фото: «Tez News»

Конгресснинг биринчи куни, 15 декабрда расмий доиралар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, хорижий ва маҳаллий олимлар, шунингдек, ОAВ вакиллари иштирок этди.

Фото: «Tez News»

Конгресс доирасида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг 2021/2025 йилларга мўлжалланган Йўл харитасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг китоб-албомлари ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимилелари учун сертификатларни спикерлар Конгрессга ташриф буюрган элчилар ва дипломатик консулларга топширди.

Фото: «Tez News»

Шунингдек, Aвстриянинг «Mueller&Schindler» нашриёти директори «Ўзбекистоннинг 114 Қуръони» лойиҳаси раҳбари Aлександр Вилгельм сўзга чиқиб, Қуръони Каримнинг 114 қўлёзмаси дунёнинг турли мамлакатларидан келтирилаётгани ҳақида сўзлаб ўз тақдимотини намойиш этди.

Фото: «Tez News»

Конгрессда UNESCO Бош котибининг маданият масалалари бўйича ўринбосари Эрнесто Оттоне тадбир иштирокчиларига видеомурожаат билан чиқди. У Ўзбекистонда UNESCO бутунжаҳон меросининг инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган беш объекти ва олти элементи мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, Эрнесто Оттоне Ўзбекистоннинг маданий бойлиги мамлакат келажагини қуришда муҳим асос бўлиб хизмат қилишини қайд этди. У ўз ривожланиш стратегиясида маданиятга катта эътибор қаратаётган Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолашини ҳам таъкидлади.

Фото: «Tez News»

Конгрессда шунингдек, Бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов ҳам нутқ сўзлаб, маданият меросни мухофаза қилишда нодавлат ташкилотларнинг ўрни катта эканлигини таъкидлади.

«Конгрессда бутун дунёдан иштирокчилар иштирок этаётгани ҳам катта аҳамиятга эга. Юртимиз тарихи, инсоният тарихини сақлаш муҳимдир. Туризмни ривожлантириш ҳам жуда муҳимдир. Чунки юртимизга келаётган турист юртимиз маданиятини кўришга келади. Маданият меросни мухофаза қилишда нодавлат ташкилотларнинг ўрни каттадир. Ўзбекистон тарихи ва маданий меросини чуқур ўрганиш ва уни халқаро миқёсда оммалаштиришга катта хизмат қилаётган Сиз азизларга чуқур ҳурматимизни билдирамиз. Қадимий Хива шаҳрида ҳам ўткизиладиган форумга ҳам бугунгидай кайфиятда етиб олишимиз муҳим деб ҳисоблайман ва барчани таклиф этаман.

Азим Тошкент — чуқур тарихга эга кўҳна Шошда 18 декабрь кунига қадар давом этадиган ‘Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори’ мавзусидаги маданий мерос ҳафталиги ва унинг доирасида ўтказиладиган IV Халқаро конгресс ва бошқа кўплаб тадбирлар ҳар биримизда катта таассурот қолдиришига ишонамиз.»,  — дейди у.

Фото: «Tez News»

Конгресс давомида Япониянинг «Михо» музейи махсус ходими Сергей Лаптев ўзбек тилида онлайн табрик йўллади ва Япониялик анжуман иштирокчилари номидан Ўзбекистон президенти номига мурожаат билан чиқишни таклиф этди.

«Cентябрда Aкмал Саидовнинг Халқ сўзи газетасида чиққан мақоласида ўзининг Ўзибекистон ҳақидаги фикрларини билдирди. Ўзбекистон ренессанси Хоразмий, Термизий, Улуғбек каби олимларни берди. Бугунги кунда президент Мирзиёев ўзининг ислоҳотларини билан янги ренессенс даврини бошлаб берди. Япониялик анжуман иштирокчилари номидан Ўзбекистон президенти номига мурожаат билан чиқишни таклиф этаман», — дейди Сергей Лаптев.

Фото: «Tez News»

Конгресс доирасида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги 35 та ноёб китоб-албомнинг тақдимоти бўлди. Ушбу китобларда Чехия, Ҳиндистон, AҚШ, Канада, Италия, Туркия, Польша, Буюк Британия, Япония музейларида ва шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистонга оид санъат асарлари ҳақидаги маълумотлар жамланган.

Фото: «Tez News»

Маълумот учун, ҳафталикнинг учинчи куни кино санъати ва тарихий фотосуратлар мавзусига бағишланган. Шу куни Марказий Осиё минтақаси киношунослари секциясининг йиғилиши бўлиб ўтади, шунингдек, Бутунжаҳон жамияти ҳомийлиги остида Ўзбекистон кинематографияси тарихи учун жуда қимматли саналган, мультипликацион фильмлар (100 дан ортиқ мультфильмлар) ва ўзбек киносининг олтин коллекциясида турадиган олтита фильмни Россия кинофондидан Ўзбекистонга қайтариш маросими бўлиб ўтади.

Ҳафталикнинг тўртинчи куни ёш авлод ўртасида маданият ва фанни оммалаштиришга йўналтирилади. Ўзбекистонлик ёш авлод вакилларига мамлакатимизнинг маданият ва санъат соҳасида эришган ютуқлари билан мароқли тарзда танишиш имкониятини яратувчи, махсус интерактив платформалар тайёрланади.

Мультимедиали «базалар», жонлантирувчи тарихий картиналар билан 3D-инсталляциялар, тарихий фильмлар ва китоблардаги саҳналарнинг тарихий реконструкциялари, ҳунармандларнинг тематик ҳудудлари, миллий рақс бўйича маҳорат дарслари,  шунингдек, «Что? Где? Когда?»  кўрсатуви экспертлар жамоасининг мамлакатимиз тарихи ва шунингдек тарихий саҳнавий реконструкциялар ҳақидаги ўйини ташкил этилади.

Aввалроқ Тошкентда модернизм ёдгорлигининг реконструкция лойиҳаси тақдимоти ўтказилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар