АҚШда ИШИДга алоқадорликда айбланган ўзбекистонлик эркак салкам 13 йилга қамалди

АҚШда ўзбекистонлик 33 ёшли эркак ИШИДни қўллаб-қувватлаганликда айбланиб, 12 йил 6 ойга қамалди. Бу ҳақда Нью-Йорк Адлия бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, ўзбекистонлик А.Р. 2019 йил августь ойида «Исломий давлат»га моддий ёрдам беришни режалаштирганига иқрор бўлган. Бруклиндаги федерал суд биносида 14 январь куни унга нисбатан суд ҳукми ўқилди. АҚШ ҳукумати судланувчининг қамоқ жазоси тугагандан сўнг Ўзбекистонга депорт қилинишини маълум қилган.

Таъкидланишича, А.Р. масаласи аслида яна бир неча ўзбекистонликни ўз ичига олган катта бир ишнинг бир қисми. Суд ҳужжатларига асосан А.Р.нинг шериклари А.Ж. ва А.С. Сурияга бориб жанг қилишни режалаштирганликда айбланган. А.Р. ва А.Ҳ. эса айнан А.С.нинг йўл харажатлари ва сотиб олиши керак бўлган қурол учун пул берган. А.Р. бошқалардан ҳам маблағ йиғиш ҳаракатида бўлган.

Маълум қилинишича, суд ҳужжатларида А.С.нинг кетиши арафасида А.Р. яна бир шериги А.З.нинг шахсий банк ҳисобига 400 доллари ўтказгани ва бу маблағ Сурияга йўл олаётган А.С. учун экани исботланган. А.Ж., А.С. ва А.З.лар айбловларни олдинроқ ўз бўйнига олган. А.Ж. ва А.С.лар 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мълумот учун, ИШИД Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилот ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ таниқли журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олингани ҳақда хабар берилган. Кейинчалик Абдукарим Мирзаев 12 январь, сешанба куни озодликка чиққани маълум қилинган. Шунингдек, Истанбул аэропортида сохта паспорт билан хорижга учмоқчи бўлган ўзбекистонлик ИШИД аъзоси қўлга тушган эди.