Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори оширилди

Республиканинг барча ҳудудларида 10,6 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асосида минимал истеъмол харажатлари миқдори 2022 йилда бир ой учун киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.

Бунда халқаро услубиётдан келиб чиқиб, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблашда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган. Сўровнома асосида мазкур уй хўжаликларида жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлари бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган. 2021 йилда ушбу қиймат 440 минг сўмни ташкил этган.

2022 йилдан бошлаб, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этиш жараёнида қўлланиладиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилиши;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳар йили август ойига қадар минимал истеъмол харажатлари қийматининг прогноз параметрларини инфляция кутилмаларидан келиб чиқиб ҳисоблаши;

Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда минимал истеъмол харажатлари қийматининг прогноз кўрсаткичларини келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларини шакллантиришда инобатга олиши;

Давлат статистика қўмитаси минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражасини ҳар йилги ҳисобот йилида инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб бориши;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, минимал истеъмол харажатлари таркибини республика иқтисодиётининг ривожланиши ҳамда аҳоли даромад ва харажатларининг ўзгаришини инобатга олган ҳолда камида ҳар 5 йилда қайта кўриб чиқиши белгиланган.

Бундан ташқари, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қиймати ва камбағаллик чегарасини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Бу минимал истеъмол харажатлари, камбағаллик чегараси ва уй хўжаликларининг реал истеъмол қийматлари ҳамда таркибини ўрганиш ва соғлом ҳаёт кечириш учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тамойиллари, босқичлари ва тартибини ўз ичига олади.

Маълумот учун, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.