Қўрғонтепадаги собиқ футбол майдони ўрнида 12 млрд сўмлик тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилади

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 12 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига 250 та ишчи ўрни яратилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қўрғонтепа туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, тумандаги «Қўштепа» маҳалласидаги собиқ футбол майдонини қиймати 12 миллиард сўмлик, 250 та ишчи ўрни яратиши режалаштирилган лойиҳага йўналтириш масаласи кўриб чиқилган.

Фото: Қўрғонтепа туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Бу борада туман ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказилган. Маҳалла оқсоқоллари томонидан тадбиркорнинг лойиҳаси бир овоздан маъқулланган ва уни амалга ошириш ишлари бошланган.

Фото: Қўрғонтепа туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Ушбу ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан танишиш учун келган туман раҳбари тадбиркор билан учрашган. Олиб борилаётган ишлар хусусида фикр алмашилиб, иш жараёнини жадаллаштириш, сифатли ва самарали иш олиб бориш юзасидан тавсия ва таклифлар бериб ўтилган.

Маълумот учун, умумий қиймати 12 миллиард сўмлик лойиҳанинг 6 миллиард сўми ўз маблағлари ва 6 миллиард сўми кредит маблағларини ташкил қилади. Лойиҳа бўйича трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, соғломлаштириш ва ўқув марказлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали 250 та бўш иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 2 миллион дона трикотаж маҳсулотларига тенг.

Аввалроқ, Япония Ўзбекистондаги АТК лойиҳаларига қарийб 163 миллион доллар кредит ажратиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Сўхда қиймати 639 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилиши, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий қилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар