«Аҳолига конкрет жавоб беринг». Сенатор энергетика вазири ўринбосарини гап билан «дўппослади» — видео

Олий Мажлис Сенати кенгашининг 11 декабрь, жума куни бўлиб ўтган мажлисида сенатор Қутбиддин Бурхонов энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматовнинг ҳисоботидан қониқмагани, ишларнинг яхши ташкил этилмагани учун сенаторлар халқ олдида шарманда бўлаётганини айтди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Коллаж: «Tez News»

Хабарга кўра, Сенатнинг Мудофаа-хавфсизлик қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов томонидан тақдим этилган ҳисоботдан кўнгли тўлмагани, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бўйича қачон ижобий ўзгариш бўлиши очиқлигича қолаётгани сабаб ўринбосарни кескин танқид қилган.

«Сиз халқнинг ичига кириб кўринг. Менинг олдимга Фарғонадан оқсоқол келди: ‘Кечаси газ ўчганига набирамнинг қоши совуқдан музлаб қолди, операция қилиб олиб ташламоқчи’, дейди. Уларга қанақа қилиб жавоб берасиз? Сенат раиси бу йилги қишни қандай қилиб ўтказиб олиш ҳақида бир неча марта савол бердилар. Аниқ жавоб беринг аҳолига.

Ҳудудларга борган вақтимизда халқ бизни еб қўяй деди. ‘Уйимга кириб кўринг’, деяпти. Кириб кўряпмиз. Яшаш шароитлари оғир, одам музлаб қоляпти. На свет бор, на газ бор. Нима қилиш керак? Аҳолига аниқ жавоб беринг. Бу йил шундай ўтиб кетиши керакми? Халққа нима деб жавоб берайлик?» — дея эътироз билдирган сенатор.

Вазир ўринбосари бу ҳақда мажлис аввалидаги ҳисоботида маълумот бергани, энергоресурслар таъминотига масъул корхоналарининг раҳбарлари ҳам қатнашаётганини айтган. Бурхонов эса унинг сўзини бўлиб, раҳбар сифатида Норматовдан саволга ўзи жавоб беришини талаб қилган: «Аниқ айтинг, бу йил қишда халқ иссиқлик билан таъминланадими, йўқми?»

Беҳзод Норматов бунга жавобан ўзи ҳам қишлоқда яшаши, унинг уйида ҳам 2–3 маҳал чироқ ўчишини маълум қилган: «Масалан, мен ўзим ҳам қишлоқда тураман. Ўзимнинг уйимда ҳам икки-уч марта свет ўчади. Сабабини сўрайман, трансформатор ёниб кетган бўлса, нега бундай қилдинглар, деб айтолмайман».

«Керагидан, масалан, жойидан келиб чиқиб, қанча талаб ошаётган бўлса, маълумот келиб тушса, ўша тарафга мавжуд инфраструктуранинг имкониятидан келиб чиқиб, максимал даражада берилади. Мен ҳозир қайси қишлоқ дейилаётган бўлса, ҳудудий электр тармоқлари ўрганиб чиқиб, ҳисобини беради. Агар мен хоҳлаган тақдиримда ҳам трансформатор ошган талаб бўйича етказиб бериш имконияти бўлмаса, хоҳлаганимча ўтказа олмайман-ку, тўғрими?» — дея сўзини давом эттирган у.

Сенатор эса масъул берган жавобдан умуман қониқмагани, айни шу саволларга тайинли жавоб топилмагани учун халқнинг олдида сенаторлар шарманда бўлаётганини айтган: «Битта нимстанцияга 20–15 та трансформатор улаган ходимларингиз. Табиийки, 2 соатда ташлаб юборади. Нега қарамайсизлар, одамлар бу трансформаторлар 30–40 йилдан бери турибди, деяпти. Мен жавобингиздан умуман қаноатланмадим. Халқнинг олдида сизларни деб, сенаторлар шарманда бўляпти. Узр».

Аввалроқ Ўзбекистонда сўнгги 4 йилда энергетика соҳаси билан боғлиқ муаммолар нега бартараф этилмагани маълум бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Фарғона водийсидаги энергия муаммосини ўрганиш учун Сенат ишчи гуруҳи тузилгани маълум қилинган.

Янгиликлар