Қашқадарёда архивчилар уч мингдан ортиқ иш ҳужжатларини «макалатура»га сотиб юборди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида архивчилар томонидан 3031 дона иш ҳужжати эски қоғоз йиғувчиларга сотиб юборилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, туман давлат архивида электрон нусха яратиш оператори Х.Р. туман ИИБга мурожаат қилиб, 13 ноябрь куни соат 18:00 ларда давлат архиви томонидан сақловга олинган ва қатъий ҳисобда турган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг 2016–2018 йиллардаги жами 3031 дона йиғма жилд иш ҳужжати йўқолганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, туман давлат архивчиси Қ.Д. ва архив хўжалик гуруҳида шартнома асосида ишловчи A.Ж. томонидан 3031 дона иш ҳужжати эски қоғоз йиғувчиларга сотиб юборилгани аниқланган ва улардан 349 дона йиғма жилд иш ҳужжати тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Шунингдек, «Ўзархив» ҳолат юзасидан баёнот бериб, давлат архивидан олиб чиқилган ҳужжатлар таркибида доимий сақловдаги Миллий архив фондига киритилган ҳужжатлар бўлмаганлиги, фақатгина вақтинча сақловдаги бухгалтерия ҳужжатлари бўлганлиги аниқланганини маълум қилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Тўрақўрғонда ҳужжатларни сохталаштирган мансабдор 276 млн сўм мукофот пулини ўзлаштиргани аниқлангани ва ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилгани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар