Бухорода автобус ёниб кетди — фото
Бухоро вилояти Бухоро туманида автобус ёниб кетди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 17 январь куни соат 09:30 атрофида, Бухоро вилояти, Бухоро туманида жойлашган «Жондор» автотураргоҳининг охирги бекатида, 76-йўналишда ҳаракатланувчи, ҳайдовчи, 1962 йилда туғилган З.О. бошқарувидаги «Isuzu» русумли автобусда ёнғин содир бўлган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Автобуснинг айрим қисмлари ёнғиндан зарарланган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Бухоро тумани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилган. Шунингдек, ёнғин содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.
Аввалроқ Янгийўлда содир бўлган ЙТҲ оқибатида «Cobalt» ва «Damas» шунингдек, Фарғонада «Nexia» билан тўқнашган «Tracker» ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Қамчиқда юк машинаси ёниб кетгани ҳақида маълумот берилган.