Германияда коронавируснинг янги штамми қайд этилди

Германиядаги касалхоналардан бирида 73 кишида коронавируснинг янги штамми аниқланди. Бу ҳақда 18 январь, душанба куни «Muenchner Merkur» нашри хабар берди.

Фото: «ТАСС»

«Бавариянинг Гармиш-Партенкирхен шаҳридаги клиникада коронавирус мутациясининг тарқалиши қайд этилди. 52 бемор ва 21 нафар касалхона ходими янги штамм билан касалланган», деб ёзади нашр.

Таъкидланишича, вирус юқтирганларнинг таҳлиллари Charité Берлин клиникасига юборилган. У ерда мутахассислар бу COVID-19’нинг янги варианти эканлигини аниқлаган. Олимлар ушбу штаммнинг хусусиятларига ҳозирча тўхталмаган, жумладан, унинг юқумли экани ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот бермаган.

Клиника мутахассисларининг фикрига кўра, бугунги кунда дунёда 12 мингдан ортиқ коронавирус мутациялари қайд этилган. Дунёда, шунингдек, 18 январь Тошкент вақти билан соат 18:30 ҳолатига кўра, 95,5 миллиондан ортиқ одам коронавирус вирусини юқтирган. Шу билан бирга, 68 279 554 киши соғайган, 2 041 418 киши вафот этган.

Маълумот учун, Германияда айни вақтда 2 050 099 киши вирус юқтирган, 47 440 киши вафот этган. 1 691 700 киши касалликдан буткул соғайган бўлса, 310 959 киши касалхоналарда даволанмоқда.

Аввалроқ Буюк Британияда коронавируснинг «бразилча» штамми аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, CОVID-19’нинг «британча» штамми билан касалланган болаларда кузатилаётган бешта аломат маълум бўлган.

Янгиликлар