Қоракўлда хонадонида бангихона ташкил қилган 35 ёшли аёл аниқланди

Бухоро вилояти Қоракўл туманида 11 сентябрь куни бангихона сақлаган 35 ёшли аёл қўлга олинди. Бу ҳақда  Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Хабарга кўра, Қоракўл туман ички ишлар бошқармаси ходимларининг 11 сентябрда ўтказган тезкор тадбири давомида 35 ёшли  Д.М. (аёл) мижозларни ўз уйида гиёҳвандлик воситалари ва махсус мосламалар билан таъминлаб, бангихона сақлаш жиноятини содир қилган вақтда қўлга олинган.

Д.М.нинг яшаш уйидан гиёҳвандлик воситасини чекишда фойдаланилган бир дона елим идиш (баклашка), 1 дона сигарета қутиси, фалга қоғоз бўлаклари, ёнган гугурт чўплари қолдиқлари, сигарета қолдиқлари, 1 дона стакан, 50 минг сўм пул топилган.

Шунингдек, кимёвий экспертиза хулосасига кўра бир дона елим идишнинг (баклашка) ичида соф оғирлиги 0,24 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги кўрсатилган. Д.М. 200 минг сўм эвазига фуқарога марихуана гиёҳвандлик воситасини сотганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Д.М. (аёл) Жиноят кодексининг 273-моддаси 4-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни лабораторияларда ёхуд ўзганинг мулки ҳисобланган воситалар ва асбоб-ускуналардан ёки прекурсорлардан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда тайёрлаш ёки қайта ишлаш, шунингдек, бундай воситаларни истеъмол қилиш ёки бангихона ташкил  этиш ва сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода уйида бангихона ташкил қилган шахснинг жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилингани, Бешариқда тандирхонасида марихуана сақлаб келган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар