Сирдарёда темир йўл изига тош қўйган 2 нафар бола аниқланди

Сирдарё вилоятида 15 ноябрь куни поезд темир йўл изига тош қўйган 2 нафар вояга етмаган бола аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 15 ноябрь куни соат 13:20 да Сирдарё вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасига келган хабарга кўра, Гулистон—Оқолтин темир йўл бекатлари оралиғи 3485-километр, 1-тўсиқда 15 ва 16 ёшли вояга етмаган бола темир йўл изига тош қўйганлиги маълум бўлди.

Тергов ҳаракатлари давомида Гулистон—Оқолтин темир йўл бекатлари оралиғида жойлашган махсус пиёдалар ўтиш жойида вояга етмаган Гулистон шаҳрида яшовчи, 10-синф ўқувчи Ж.Н. ҳамда Оқолтин туманида яшовчи А.А. темир йўлдан ўтиб кетаётиб рельс устига тошларни қўйиб расмга тушаётган вақтида аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Чирчиқ темир йўл вокзалида вагон устида «селфи» олмоқчи бўлган ўқувчини ток ургани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар