Тошкент вилоятида «электричка» темир йўлда ухлаб қолган маст эркакни туртиб юборди

Тошкент вилоятида Тошкент—Ҳожикент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган «электричка» темир йўлда ухлаб қолган маст эркакни туртиб юборди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар берди.

Фото: ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси

Маълум қилинишича, 11 ноябрь, чоршанба куни соат 20:50 да Тошкент минтақаси темир йўл Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига маълумот келиб тушган. Келиб тушган маълумотга кўра, электропоезд Чирчиқ—Аранча темир йўл бекатлари оралиғи 37-километрида ҳаракатланиб кетаётган вақтида номаълум эркакни туртиб юборган.

Таъкидлланишича, воқеа жойига кўздан кечирилганда ушбу номаълум шахс Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшовчи 1976 йилдан туғилган У.Т. эканлиги аниқланган. Унинг темир йўл излари орасида маст ҳолатда ухлаб ётганлиги сабабли электропоезд мажбуран тўхтаган.

Хабарга кўра, ушбу фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Чирчиқ шаҳар Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига юборилган. Поезд соат 20:35 да тўхтаган ва соат 20:57 да йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Чирчиқ темир йўл вокзалида вагон устида «селфи» олмоқчи бўлган ўқувчини ток ургани ҳамда Бухоро туманида темир йўлни кесиб ўтаётган 69 ёшли эркакни поезд босиб кетгани маълум қилинган.

Шунингдек, Ҳазораспда темир йўл рельси ёнида маст эркакнинг ухлаб қолиши сабаб Хива—Тошкент поезди 16 дақиқа тўхтаб қолгани ва Бухородан Тошкентга келаётган «Афросиёб» йўлда тўхтагани ҳақида хаабр қилинган.

Янгиликлар