Тошкент вилоятида эркак тушлик тайёрламагани учун турмуш ўртоғини пичоқ отиб жароҳатлади — видео

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида хотини тушлик тайёрламагани учун пичоқ отиб жароҳатлаган эрга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Markaziy studiya» кўрсатувида хабар берилди.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, воқеа 11 ноябрь куни тахминан соат 12:30 да содир бўлган. Шу куни эр тушлик қилиш учун ошхонага киради, лекин овқат тайёрланмаганини кўриб жахли чиқади. Бу вақтда аёл қўшнисиникидан уйига келиб, ошхонага киради.

«Тушлик вақти ҳали овқат тайёрламадинг деди. Чойни бераман дегандим жони чиқиб кетдида. Чойимни вақтида тайёрлаб бермайсанми деди. Жаҳли чиқдида қорнимга қаратиб отиб юборди пичоқни», — дейди аёл.

Шундан сўнг эр бундан ваҳимага тушиб, тез ёрдамни чақирган. Аёлнинг таъкидлашича, ҳозирда улар ярашиб олган, шу сабабли ундан даъвоси йўқ. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман суди З.Н.га нисбатан 4 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

Аввалроқ Қашқадарёда маст эркак хотини ва қайнсинглисини пичоқлаши оқибатида ёллардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда маст эркак каратэ услубини кўрсатаётган аёлни пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинган.