Наманганда севган қизига пичоқ уриб, ўлдириб қўйган йигит эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди

Наманган вилояти Косонсой туманида 15 cентябрь куни ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида ўз жонига қасд қилган икки севишганнинг бири касалхонада вафот этгани хабар қилинганди. «Daryo»нинг хабар беришича, севган қизига пичоқ урган ва ўзи ҳам яраланиб, шифохонага ётқизилган йигит эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Тафсилотларга кўра, воқеа 15 сентябрь куни Косонсой тумани «Такаранг» маҳалласида жойлашган «Намуна ширин» фермер хўжалиги дала майдонида содир бўлган. Айтилишича, беш йил давомида бир-бирига кўнгил қўйиб келган 20 ёшли қиз ва 21 ёшли йигит қизнинг уйидагилари турмуш қуришларига рози эмаслиги ва қизни бошқа йигитга унаштириб қўйганлиги туфайли жонларига қасд қилишга қарор қилган.

Биринчи бўлиб қиз йигитнинг, кейин йигит қизнинг қорин қисмига бир марта пичоқ уриб, тан жароҳати етказган. 15 сентябрь куни соат 11:40 да Ички ишлар навбатчилик қисмига қиз оғир тан жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, кўп қон йўқотганлиги ва ички аъзолари жиддий шикастлангани сабаб қиз шифохонада вафот этган. Йигитнинг жароҳатлари эса унча жиддий бўлиб чиқмаган ва шифохонага ётқизилган.

Tуман прокуратураси терговчиси Aзизбек Мирзакаримовнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Йигит ишга айбланувчи сифатида жалб этилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар