Самарқанд шаҳар ҲЭТК биноси реконструкция қилинди

«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг яна бир филиали янги бинода фаолиятини бошлади. Бу ҳақда «Самарқанд ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Самарқанд ҲЭТК» АЖ ахборот хизмати

Қайд этилишича, давлат ва шартномавий хизматлар кўрсатиш бўлими томонидан келиб тушган маблағ эвазига «Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси» реконструкция қилинган. Маълумот ўрнида, мазкур объект 1930 йилда Самарқанд шаҳри аҳолисини генератор орқали электр энергияси билан таъминловчи бино сифатида қурилган. 1930—1970 йиллар давомида Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонасида 40 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилган. Ҳозирда 250 нафар ишчи-ходимлар фаолият кўрсатади.

Фото: «Самарқанд ҲЭТК» АЖ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, корхонада 4 та участка ва 1 дона тезкор диспетчерлик хизмати бўлими мавжуд бўлиб, 1959—1960 йилларда ускуналарни таъмирлаш марказий хизмати бўлими ташкил этилган. Ушбу бўлим ҳозирги кунга қадар Самарқанд вилоятининг барча туман электр таъминоти корхонаси балансида бўлган 25 киловаттдан бошлаб 630 киловаттли трансформаторларни таъмирлаш ишларини олиб боради. Шунингдек, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига ҳам хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.

Фото: «Самарқанд ҲЭТК» АЖ ахборот хизмати

«Бундан ташқари, тезкор диспетчерлик хизмати бўлимига катта ҳажмдаги монитор олиб келинган. Унинг афзаллиги шундаки, Самарқанд шаҳрига кириб келувчи электр энергияни назорат қилиш, инсон факторисиз истеъмол қилинган электр энергияни аниқлаш имконини беради. Шунингдек, қанча юклама билан ишлаши, АСКУЭ ҳисоблагичларнинг кунлик истеъмоли, максимал ва минимал ҳолатларни кўрсатади. Ноқонуний уланган истеъмолчини манзилигача кўрсатиб бера олиш хусусиятига эга. ‘Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси’ АЖ тезкор диспетчерлик хизмати қошидаги 12 нафар электромонтёрлар шаҳар диспетчерлик хизматига қўшиб берилди.

Фото: «Самарқанд ҲЭТК» АЖ ахборот хизмати

‘Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси’ АЖ қошидаги Call-марказ эса Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонасининг янги биносига кўчиб ўтди. Тезкор бригада 6 дона ‘Damas’ енгил юк автомашинаси ҳамда махсус техникалар билан таъминланди. Самарқанд шаҳрида электр энергияси бўйича сарсонгарчиликларни бартараф этган ҳолда, 3 та ҳудуд бирлаштирилди. Ҳозирги кунда истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида махсус кассалар, банкоматлар ишга туширилди»,  дейилади «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ хабарида.

Фото: «Самарқанд ҲЭТК» АЖ ахборот хизмати

Аввалроқ Иштихондаги барча маҳаллаларга электр тармоқлари тортилиб, янги бетон устунлар ўрнатилгани, Бухорода йил якунига қадар Қанча АСКУЭ тизимига мос электрон ҳисоблагич ўрнатилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар