Ҳудудсиз давом этиш

Тошкентда омбордан 2 миллиард сўмдан ортиқ пул ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олинди (фото)

Тошкент шаҳрида 15 август, шанба куни масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг биносига бостириб кириб, тахминан 2 миллиард сўмдан кўпроқ нақд пулларни ўғирлаган 6 нафар шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Тошкент шаҳрида 15 август куни соат 21:30 дан 16 август соат 17:30 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар, МЧЖ биносининг ташқи деразаси, шунингдек, моддий бойликлар сақланадиган омбор эшиги ва темир панжараларини бузган ҳолда ғайриқонуний равишда кирган. Темир сейфнинг қулфини темир кесиш ускунаси ёрдамида кесиб, сейфнинг ичида ҳамда ҳисобчилар хонасида бир неча сумкаларга солинган тахминан 2 миллиард сўмдан кўпроқ нақд пулларни яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни оқ рангли давлат рақамлари ечиб олинган «Lacetti» автомашинасида келган 6 нафар фуқаролар содир этганликлари аён бўлган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятга алоқадор яна 2 нафар фуқаролар аниқланиб, улар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб содир этганликлари аниқланган ва уларнинг барчасининг шахсига оид маълумотларига аниқлик киритилган.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Ҳозирда жиноятчилар Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Ўғрилик) билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ўғирланган пуллар тергов жараёнида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқандда машинадан 2 800 000 сўм ҳамда атир ўғирлаган 3 фуқаро қўлга олингани, Ёзёвонда дала шийпонидан умумий қиймати 2,5 миллион сўм бўлган автомашина шиналарини ўғирлаган шахслар ушлангани ҳамда Фарғонада 22,5 миллион сўмдан зиёд заргарлик буюмларини ўғирлаган 2 нафар эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.