Азиз Абдуҳакимов Нагояда ўтаётган «Тошкент кунлари» форуми иштирокчиларига япон тилида мурожаат йўллади — видео

Нагоя шаҳрида 19 декабрь куни бўлиб ўтган «Тошкент куни» форумининг очилиш маросимида бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Форум иштирокчиларига япон тилида табрик йўллади. Бу ҳақда туризмни ривожлантириш қўмитаси «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирнинг очилишида Нагоя шаҳри Мери жаноб Кавамура Такаши ва Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ғайрат Фазилов иштирок этган. Азиз Абдуҳакимов Форум иштирокчиларига видеомурожаат йўллар экан, тадбир иштирокчиларига Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалар ҳамда туризм соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим замин яратганини таъкидлаган. Президентнинг қадимий ва улуғвор Нагоя шаҳрига ташрифи ҳамда шаҳар мэри жаноб Кавамур Такашининг 2019 йил декабрь ойида Тошкентга ташрифи икки мамлакат ҳамда Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишига туртки бўлган.

«Жумладан, Тошкент шаҳар ва Нагоя шаҳар ҳокимликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши бунинг ёрқин далилидир. Мазкур видеороликда қайд этилганидек, Ўзбекистон қадим замонлардан буён жаҳон цивилизацияларининг чорраҳаси ва Буюк Ипак йўлининг маркази саналган. Япония халқи эса Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хоразм каби тарихий марказларини севади. Kоронавирус пандемияси оқибатида юзага келган чекловлар туфайли жорий йилда япон сайёҳлари Ўзбекистонга ташриф буюра олишмади. Ўзбекистон Ҳукумати томонидан ‘Uzbekistan Safe travel Guaranteed’ санитария-эпидемиология хавфсизлиги тизими жорий этилганлиги боис бугунги кунда япон сайёҳлари учун Ўзбекистонга саёҳат қилиш хавфсиз ҳисобланади. Шу ўринда Бош вазир ўринбосари Форум меҳмонлари ва Япония аҳолисини Ўзбекистонга таклиф қилиб, Нагоя шаҳридаги Биринчи ‘Тошкент куни’ форумининг барча тадбирларининг муваффақиятли ўтишини тилади», дейилади хабарда.

Aввалроқ Тошкентда модернизм ёдгорлигининг реконструкция лойиҳаси тақдимоти ўтказилгани хабар қилинган эди. Маълумот учун, Миниатюра санъати 16 декабрь куни UNESCO нинг Номоддий маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси ХV сессиясида ушбу ташкилотнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган.