ДХХ Тошкент вилоятида 3,7 млн долларга ер сотаётган тадбиркорни ушлади — видео

Тошкент вилоятида фуқаро 460 гектар ерни фирибгарлик йўли билан 3 миллион 700 минг АҚШ долларига сотаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида хабар берилди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, қибрайлик тадбиркор боғдорчилик ва чорва молларига яйлов учун ер ажратишни сўраб, ўзи яшаётган туман ва қўшни туманлар ҳокимликларига қилган мурожаатларидан кутилган натижа чиқмаган.

Шундан сўнг Тошкент вилоятида фаолият юритувчи чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ раҳбари Қ.Тўрақулов ушбу МЧЖга тегишли Қуйи Чирчиқ туманидаги 360 га суғориладиган ерни ва ҳозирда норасмий фойдаланиб келаётган туман захирасидаги 100 га ерни қибрайлик тадбиркорнинг номига ўтказиб бериш учун 3,7 миллион доллар сўраган.

Шунингдек, бу ишларни расмийлаштириб бериш учун Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимиятидаги мансабдор шахсга беришини айтиб, яна 20 минг доллар талаб қилган.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида тадбиркордан жами 3 миллион 720 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган. Қ.Тўрақуловга нисбатан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик), 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда амалдорларнинг давлатга етгазган зарар миқдори очиқланганди.